Мусобақалар қизғин давом этмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг дастлабки босқич баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Нукус шаҳрида “Ҳоким олимпиадаси”нинг эркин кураш мусобақалари бўлиб ўтди. Унда 13-14 ёш тоифасидаги иқтидорли спортчилар майдонда ўзаро куч синашди. Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа якунида ғолиблар диплом ва медаль билан тақдирланиб, кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, Тўрткўл туманида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилаётган “Ҳоким олимпиадаси” доирасида волейбол мусобақалари ўз якунига етди.

Баҳсларда қизлар ўртасида биринчи ўринни 6-сонли умумтаълим мактаби, иккинчи ўринни 67-сонли умумтаълим мактаби, учинчи ўринни 41-сонли умумтаълим мактаби, ўғил болалар ўртасида биринчи ўринни туман Спорт мактаби, иккинчи ўринни 6-сонли умумтаълим мактаби, учинчи ўринни 27-сонли умумтаълим мактаби жамоалари қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолибликни қўлга киритган жамоа аъзолари ташкилотчилар томонидан диплом ва медаллар билан тақдирландилар.
Энг чекка Мўйноқ туманида “Ҳоким олимпиадаси” доирасида гандбол бўйича мусобақалари ўтказилди. Унда тумандаги умумтаълим мактабларининг 17 та жамоасидан 300 нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этиб, биринчилик учун ўзаро беллашди.

Мусобақа якунида совринли ўринларни эгаллаган спортчилар ташкилотчилар томонидан тайёрланган диплом ва медаллар билан тақдирланди. Ғолиблар мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди.
Ушбу мусобақалар ёш спортчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний салоҳиятини ошириш ва иқтидорли спортчиларни аниқлашга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги мутасаддиларининг таъкидлашича, бугунги кунга дастлабки босқичда 10 та спорт тури бўйича мусобақалар якунланиб, 3 та спорт тури бўйича давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА