Ҳоким ифторлик ташкил этди
Азалдан муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр улашиш эзгу анъанага айланган.
Қоракўл тумани ҳокими ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.
Жумладан, ҳоким Хуршид Тоҳиров “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ногиронлиги бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила Алижон Тўхтаев хонадонида ифторлик ташкил қилди.

Маҳалла аҳли ушбу хонадонни жуда яхши билишади. Оиланинг катта фарзанди Азизахоннинг имконияти чекланган. Шунга қарамай улар ҳаётга шукроналик билан қарашади.
–Давлатимиз бор бўлсин, бизга ўхшаган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни сира ҳам унутмайди, –дейди хонадон бекаси Ойимгул опа. –Мана бугун ҳам маҳалламиз ёшлари умумхалқ ҳашари муносабати билан уйимизда тозалик ва ободонлаштириш ишларини амалга оширди.

Оиланинг устуни Алижон ака айни вақтда хорижда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаб келмоқда. Хуршид Тоҳиров билан видеоқўнғироқ орқали суҳбатлашган Алижон ака туман ҳокимининг хонадонида меҳмон эканидан беҳад хурсанд бўлганини айтди. Мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга самимий миннатдорчилик билдирди.

Ифторлик дастурхони атрофида Муқаддас Рамазон ойининг шукуҳи, сўнги йилларда юртимизда, айниқса, Қоракўл туманида амалга оширилаётган беқиёс ўзгаришлар ҳақида сўз борди. Халқимизга тинчлик, ҳар бир хонадонга файзу барокат тилаб, дуо қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов, (сурат),
ЎзА мухбирлари