Хивада Марказий Осиё ва Германия экспертлари форуми бўлиб ўтади
2026 йил 16-17 апрель кунлари Хива шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия экспертларининг биринчи форуми бўлиб ўтади. Тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил сентябрь ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Германия» саммитида илгари сурган ташаббусини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилмоқда.
Форумда Германия ва Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари, нуфузли экспертлар, илмий ва таълим доиралари ҳамда бизнес ҳамжамияти вакилларидан иборат 50 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад «Марказий Осиё + Германия» форматини сифатли таҳлилий қўллаб-қувватлашни таъминлашга қаратилган доимий фаолият юритувчи экспертлар платформасини ишга туширишдан иборат.
Муҳокамаларнинг асосий йўналишлари сифатида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий кооперация ва саноат шериклигини ривожлантириш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш, шунингдек, академик алмашинувлар ва уюшган меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш орқали инсон капиталига сармоя киритиш каби муҳим масалалар қамраб олинади.
ЎзА