Хива ва Қўшкўпирда спорт тадбирлари ўтказилди
Шу кунларда Хоразм вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларида “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг дастлабки босқич баҳслари, шунингдек, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари кенг кўламда ташкил этилмоқда.
Хусусан, куни кеча Хива шаҳрида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Унда спортнинг тош кўтариш, армрестлинг, мас-рестлинг, арғимчоқда сакраш, арқон тортиш, стритбол ҳамда воркаут йўналишлари бўйича беллашувларнинг маҳалла босқичи юқори кайфиятда ташкил этилди.

Мусобақаларда маҳалла ёшлари фаол қатнашиб, ўзларининг куч-ғайрати, чаққонлиги ва жамоавий ҳамкорликдаги маҳоратини намойиш этди.
Вилоятнинг Қўшкўпир туманида ҳам “Ҳоким олимпиадаси”нинг бокс мусобақалари ўтказилди.
Мусобақа ёш боксчилар учун чинакам спорт байрами кўринишини олди. Ёшлар ўзаро куч синашиб, рингда маҳорат, тезкорлик ва иродасини намойиш этди.

Мусобақалар якунида ўтказилган тақдирлаш маросимида иштирок этган Хоразм вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Н. Жуманиёзова ҳамда Қўшкўпир тумани ҳокими Ш. Аҳмедов “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг аҳамиятига тўхталиб, мазкур лойиҳа иқтидорли ёшларни аниқлаш баробарида аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Т. Рўзиев, ЎзА