Хирот бозорида Андижон маҳсулотлари
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги вилоят делегацияси савдо, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистон давлатида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Жумладан, вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида бўлиб, Ҳирот вилояти ҳокими Нур Аҳмад Исломжар билан учрашув ва мулоқот ўтказилди.

Мулоқотда Андижон ва Ҳирот ўртасида истиқболли йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича режалар муҳокама қилинди.
Ушбу учрашув нафақат ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Ташриф доирасида Ҳирот шаҳрида Андижон вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек, уй-рўзғор буюмлари ва маиший техника воситалари, умуман, 200 га яқин турдаги маҳсулотлар намойиш этилди.

Мазкур кўргазма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт бозорларини очиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Афғонистон билан савдо алоқаларини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Кўргазма доирасида андижонлик тадбиркорлар қатор Афғонистон ширкатлари, афғон тадбиркорлари билан ҳамкорлик келишув ва шартномалар имзолади. Тузилган келишувлар Андижонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Афғонистон, хусусан Ҳирот бозорига киришига йўл очиб беради, қолаверса, икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни янада яхшилашга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.