Ҳиндистон озиқ-овқат бозорида назоратни кучайтирмоқда
“Reuters” нашри ёзишича, Ҳиндистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда. Регуляторлар кўплаб маҳаллий ошхона ва брендли ресторанлар фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Дунёда энг кўп аҳоли яшайдиган Ҳиндистон истеъмолчилари узоқ вақтдан бери ресторан ва кафеларда гигиенанинг ёмонлигидан шикоят қилиб келишади. Шунингдек, ўлкада озиқ-овқат маҳсулотларини қалбакилаштириш бўйича жанжалли лавҳалар ҳам ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзга ташланади.
Хабарга кўра, 2020 йилдан бери ушбу давлатдаги озиқ-овқат инспекторлари 100 мингдан ортиқ намунани текширган ва ҳар бешинчи намуна хавфли, сифатсиз ёки тегишли ёрлиқларсиз деб топилган. Сўнгги уч йилда 8 мингга яқин озиқ-овқат бизнеси лицензияси бекор қилинди.
Сифат назоратчилари шунингдек, нотўғри қадоқланган “Diageo” каби спиртли ичимликлар компанияларига, “Red Bull” каби энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларни тарғиб қилгани учун турли чоралар кўрган.
Ҳиндистон Чили ва Мексикада жорий этилганидек, қанд, туз ва ёғнинг юқори миқдорини белгилаш учун қадоқнинг олд қисмидаги огоҳлантириш ёрлиқларини йиллар давомида муҳокама қилиб келмоқда.
Мамлакатда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар шакар, туз ва ёғ кўплаб анъанавий маҳсулотларнинг ажралмас таркибий қисми бўлганлиги боис, ёрлиқлардаги аниқ огоҳлантиришлар савдога зарар етказиши мумкинлигини таъкидламоқда.
А.Маматов, ЎзА