Ҳилола Собирова ҳамда Дарья Латишева Осиё ўйинлари кумуш медалига сазовор бўлди
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ХХ ёзги Осиё ўйинларининг учинчи кунига келиб Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 6 тага етди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Осиё ўйинлари дастурига илк бор киритилган ММА баҳсларининг аёллар ўртасидаги -60 кг вазн тоифасидаги беллашувларда баҳс олиб борган Ҳилола Собирова финалда Сингапур вакили Хуи Хун Тео билан куч синашди. Кескин ва муросасиз ўтган беллашувда Ҳилола Собирова кутилмаганда рақибига имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, кўргазмали чиқиш дастурида иштирок этган ҳамюртимиз Дарья Латишева 19,413 балл жамғариб, кумуш медалга сазовор бўлди. Дарвоқе, Дарья учун бу ўз фаолияти давомида Осиё ўйинларидаги учинчи медали ҳисобланади.
Айни дамда Ўзбекистон делегациясидаги медаллар сони 1 та олтин, 4 та кумуш ва 1та бронзага етди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА