Дзюдо усталари Наманганда беллашишди
Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуаси мезбонлик қилган катталар ўртасида дзюдо бўйича “Uzbekistan Judo Tour-2026” турнирида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 219 нафар маҳоратли дзюдочи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақада ҳар бир иштирокчи ўз техник маҳорати, жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги ва матонатини кўрсатишга интилди. Олимпия ўйинлари дастурига кирган дзюдо спорт турини оммалаштириш, иқтидор соҳибларни саралаш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишга қаратилган беллашувларда олтита (эркаклар орасида тўртта ва аёллар ўртасида иккита) вазн тоифасида медаллар учун жанглар ғоят муросасиз руҳда кечди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, турнир давомида истеъдоди ва тажрибаси билан ажралиб турган олти ҳудуд вакиллари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Медаллар жамғариш ҳамда умумжамоа бўйича очколар ҳисобига кўра, Хоразм вилояти терма жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бухоро ва Наманган вилояти дзюдочилари мос равишда иккинчи, учинчи поғоналарда қайд этилди.

Мусобақада 66 килограмм вазн тоифасида Сурхондарё вилоятидан Дилшодбек Баратов, 81 килорамм вазнда қашқадарёлик Муҳаммаддўст Эшдавлатов, 100 килограмм вазнда бухоролик Оғабек Ғаниев, +100 килодан оғир вазнлилар ўртасида Тошкент шаҳридан Фазлиддин Рафиқовлар зафар нашидасини суришди.

Хотин-қизлар иштирокидаги 48 килограмм вазн тоифасида наманганлик Фотимахон Турсунбоева ҳамда 63 килограмм вазнда хоразмлик Динора Самандаровалар ғолибликни қўлга киритишди.
“Uzbekistan Judo Tour-2026” турнирининг Наманган босқичи ғолиблари республика Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан пул мукофотлари, диплом ва медаллар билан тақдирланишди..
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.