HAYOT Foundation платформаси томонидан мактаблардан узоқда жойлашган ҳудудларга мактаб автобуслари топширилди
Тошкент шаҳрида “Renessans” ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш миллий маркази NNTнинг CSR платформаси — HAYOT Foundation расман фаолиятини бошлади. Платформа ўзининг илк ижтимоий лойиҳаси доирасида чекка ҳудудлардаги мактабларга автобуслар топширди.
Лойиҳа давлат, бизнес ва жамоатчилик ҳамкорлигида ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларни амалга оширишни мақсад қилади.
HAYOT Foundation CSR платформасининг биринчи ташаббуси — “Мактабга хавфсиз ҳаракат” лойиҳаси доирасида чекка ҳудудлардаги мактабларга автобуслар топшириш бўлди.
Автобуслар қуйидаги таълим муассасаларига берилди:
Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани — 18-мактаб
Сурхондарё вилояти, Термиз тумани — 18-мактаб
Қашқадарё вилояти, Китоб тумани — 92-мактаб
Самарқанд вилояти, Нуробод тумани — 10-мактаб
Маълум қилинишича, айрим ҳудудларда ўқувчилар мактабга етиб бориш учун ҳар куни 20 километргача масофани пиёда босиб ўтади. Бу ҳолат таълим олиш жараёни ва болалар хавфсизлигига таъсир кўрсатмоқда.
HAYOT Foundation CSR платформаси, Gross, Kapitalbank ва «Келажак» Республика маркази ўртасидаги ҳамкорлик ушбу ташаббуснинг муҳим қисмига ҳамда ижтимоий масъулиятли шериклик болалар, оилалар ва бутун минтақалар ҳаётида қандай қилиб реал ўзгаришларга айланиши мумкинлигининг ёрқин намунасига айланди.
ЎзА