Ҳайит намози Имом Бухорий масжидида ўқилди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Бугун тонгда вилоятдаги 280 дан ортиқ жоме масжидида муборак Қурбон ҳайити намози ўқилди.
Жумладан, Имом Бухорий мажмуасида минглаб юртдошларимиз, хориждан келган меҳмонлар ҳайит намозини адо этди.
Намоз олдидан ўтказилган маърифий суҳбатда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев юртдошларимизни Қурбон ҳайити билан табриклади. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминлангани ҳақида сўз юритди.

Хусусан, Қурбон ҳайити арафасида Президентимизнинг аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этишга доир қарори қабул қилиниб, минглаб кўмакка муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган шахсларни даволаш чоралари кўрилмоқда, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Қурбон ҳайитининг муҳим амалларидан бири мўмин-мусулмонларнинг муқаддас Ҳаж зиёратини амалга оширишлари ҳисобланади. Айни пайтда минглаб юртдошларимиз қаторида 940 нафардан ортиқ самарқандликлар ҳам Саудия Арабистонида давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлган ҳолда Ҳаж ибодатини бажармоқда.

Намозга жам бўлган ватандошларимиз ва меҳмонлар юртимизга равнақ, халқимизга тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик сўраб дуолар қилди.
Қурбон ҳайити муносабати билан вилоятдаги саховат ва мурувват уйлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзилмоқда. Зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирлари ўтказилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари