Ҳашар – элга ярашар
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган тоғли Деновболо қишлоғи аҳолиси орасида йиллар давомида шаклланган ибратли анъана мавжуд. Бу — йўл қуриш ва уни мунтазам таъмирлаб бориш ҳашари.
Маълумотларга кўра, ушбу хайрли ташаббусга бу йил 66 йил тўлди. Демак, қарийб бир асрга яқин вақт мобайнида қишлоқ аҳли йўлни ўз кучи, маблағи ва меҳнати ҳисобидан таъмирлаб келмоқда.
Эътиборлиси, деновбололиклар бу давр ичида бирор марта норозилик билдирмаган, масъул ташкилотлардан кўмак кутиб ўтирмаган. Аксинча, мавжуд муаммоларни ўзлари бартараф этишни одат қилган. Йўл тор бўлган жойлар кенгайтирилган, табиий офатлар оқибатида зарар етган қисмлар қайта тикланган. Натижада, қишин-ёзин ушбу йўлдан узлуксиз фойдаланиш имконияти яратилган.
[gallery-29029]
Ҳашар ишларида махсус техникалар ҳам жалб этилади ва уларнинг ёқилғиси, хизмат ҳақлари қоплаб берилади.
Йўлни сақлаш ва таъмирлаш ишлари жамоатчилик асосида тизимли равишда йўлга қўйилган. Қишлоқ аҳолиси 8 та бригадага бўлинган бўлиб, ҳар бири 35 нафардан иборат. Ҳар бир бригада ўзига бириктирилган ҳудудни йил давомида мунтазам назорат қилади ва заруратга қараб таъмирлаш ишларини амалга оширади.
Эътиборлиси, эртага ўтказиладиган ҳашарда 60 ёшдан 70 ёшгача бўлган нуронийлар иштирок этиши режалаштирилган. Улар камида 40-50 йил давомида мазкур йўлни таъмирлаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Деновбололикларнинг бу саъй-ҳаракатлари халқимизга хос аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва меҳнатсеварликнинг ёрқин ифодасидир. Зеро, ҳашар – элга ярашар.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари