Ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳар бир соҳанинг ижобий ривожланишига олиб келмоқда. Айниқса, бунда халқаро ҳамкорликлар алоҳида ўрин тутмоқда. Қолаверса, амалга оширилаётган ташаббуслар марказида ёшларнинг келажаги мужассам.
Ана шундай халқаро алоқаларнинг изчил давоми ўлароқ, Тошкент давлат транспорт университетида Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид ФУК ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси раиси Гулноза Исмоилова билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Тошкент давлат транспорт университети ва Франция томони ўртасида таълим, замонавий технологиялар ҳамда авиация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, университетда ташкил этилган “3Д ЭХПЕРИЕНЧЕ” маркази фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган грант муддатини яна бир йилга узайтириш масаласи кўриб чиқилди. Таъкидлаш керакки, мазкур марказ талабаларнинг замонавий рақамли технологиялар ва муҳандислик ечимлари бўйича амалий билим ҳамда кўникмаларини ошириш учун муҳим таълим платформаларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, учрашувда авиация соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тошкент давлат транспорт университетининг 5 нафар талабасини Франциянинг Airbus компанияси ҳамда ЭНАЧ (Éчоле Натионале де лъАвиатион Чивиле, яъни Фуқаро авиацияси миллий мактабида) грант асосида ўқитиш имкониятлари муҳокама қилинди. ЭНАЧ Францияда фуқаро авиацияси соҳаси учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, авиация муҳандислиги, учувчилар тайёрлаш, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва авиация соҳасининг бошқа йўналишлари бўйича таълим беради.
Шу жиҳатдан, университет талабаларининг ЭНАЧда таҳсил олиш имконияти уларнинг халқаро тажриба орттириши ва авиация соҳасида юқори малакали мутахассис сифатида шаклланиши учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, Airbus компанияси билан ҳамкорлик доирасида талабалар учун таълим ва касбий ривожланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида мазкур йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш, мавжуд лойиҳаларни ривожлантириш ва белгиланган ташаббусларни амалга ошириш бўйича кейинги амалий чораларни келишиб олишга эътибор қаратилди.
Қайд этиш лозимки, бу каби ҳамкорликлар Тошкент давлат транспорт университетида замонавий технологиялар асосида таълим сифатини ошириш, талабалар учун халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш ҳамда транспорт ва авиация соҳалари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА