Ҳамкорликнинг янги босқичи
Тошкент шаҳрида BMB Holding ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, BMB Media Markazi расман Ассоциация аъзолари сафига қўшилди. Мазкур ҳамкорлик миллий медиа маконида профессионал алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда жамоатчиликка тезкор, холис ва ишончли ахборот етказиш, миллий медиа маконида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда корпоратив медианинг салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Имзоланган меморандум ана шу эзгу мақсадларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, электрон ва рақамли медиа платформалари, ахборот хизматлари ҳамда соҳа вакилларини бирлаштирган нуфузли тузилма ҳисобланади. Ассоциация илғор тажрибаларни оммалаштириш, журналист ва мутахассисларнинг касбий маҳоратини ошириш, медиа ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва миллий ахборот маконини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Ассоциацияга аъзо бўлиш BMB Media Markazi учун ҳам янги имкониятларни очади. Бу замонавий медиатехнологиялар ва илғор тажрибалардан самарали фойдаланиш, ахборот маҳсулотлари сифатини янада юксалтириш, профессионал мулоқот доирасини кенгайтириш ҳамда қўшма медиа лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

Айни пайтда BMB Media Markazi BMB Holding таркибидаги саноат, қишлоқ хўжалиги, экспорт, логистика, қурилиш, инвестиция ва ижтимоий йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳаларнинг ахборот таъминотини профессионал даражада таъминлаб келмоқда. Марказ замонавий медиа технологиялари асосида тезкор янгиликлар, таҳлилий материаллар, фото ва видеорепортажлар, мультимедиа контентларини тайёрлаб, рақамли платформалар орқали кенг жамоатчиликка сифатли ахборот етказиш бўйича тизимли фаолият юритмоқда.

Имзоланган меморандум икки томоннинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, ахборот соҳасига замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ва миллий медиа ҳамжамияти билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратади. Бу эса BMB Holdingнинг очиқлик, ижтимоий масъулият ва жамоатчилик билан самарали мулоқотни таъминлашга қаратилган стратегик мақсадларини изчил амалга оширишга хизмат қилади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари