Халқаро улоқ-кўпкари турнирини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди
Ҳар йил Наврўз умумхалқ байрами арафасида Қорабайир зотли отлар иштирокида Халқаро улоқ-кўпкари турнири ўтказиб келинади. Мазкур анъанавий мусобақа миллий спорт турларини оммалаштириш, чавандозлик маданиятини ривожлантириш ҳамда халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилда ҳам ушбу нуфузли мусобақани 27–29 март кунлари Бухоро вилоятининг Бухоро туманида жойлашган Миллий гвардиянинг “Чавандозлар мактаби” ҳудудида ўтказиш режалаштирилган.

Турнирни юқори савияда ташкил этиш мақсадида пойтахтимиздаги Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов ҳамда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов раҳбарлигида Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси, шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида турнирни ташкил этиш, иштирокчи жамоаларни қабул қилиш, мусобақа инфратузилмасини тайёрлаш, хавфсизлик ҳамда ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш каби муҳим йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир давомида бу йил бешинчи бор ўтказилаётган Халқаро улоқ-кўпкари турнирида Россия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Хитой давлатлари ҳамда Ўзбекистондан иккита жамоа иштирок этиши маълум қилинди. Бу эса мусобақанинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, ушбу турнир 2022 ва 2023 йилларда Сурхондарё вилоятида, 2024 йил Фарғона вилоятида ҳамда 2025 йил Наманган вилоятида кўтаринки руҳ ва юқори ташкилий савияда ўтказилган.
Жорий йилги мусобақа ҳам миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, чавандозлик анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА