Шоҳруҳ Давлатов VIII Тошкент халқаро марафонида ғолиб бўлди
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида VIII Тошкент халқаро марафонида илк ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Эрта тонгдан спортсевар юртдошларимиз ҳамда мусобақа меҳмонлари “Humo Arena” мажмуаси олдидаги майдонга жам бўлди. Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган расмийлар марафон нуфузи ва унга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётгани, бу эса юртимизда оммавий спортни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
[gallery-28567]
Шундан сўнг марафон йўналишидаги дастлабки беллашувларга старт берилди. 42 километр 195 метр масофага кечган мусобақада ҳамюртимиз Шоҳруҳ Давлатов ғалаба қозонди. Шунингдек, Андрей Петров (Ўзбекистон) кумуш, Владислав Прямов (Беларусь) эса бронза медаль билан тақдирланди.
[gallery-28565]
Кун давомида иштирокчилар 21, 10 ва 5 км. масофаларда беллашади. Шунингдек, скандинавча юриш, инклюзив йўналиш ҳамда болалар ўртасидаги мусобақалар ҳам ташкил этилади.
Ташкилий қўмита маълумотига кўра, мазкур мусобақада 50 дан ортиқ давлатдан 15 000 нафардан зиёд иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА