Халқаро ҳамкорлик экологик ислоҳотларга янги имкониятлар очмоқда
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси Ўзбекистоннинг экологик дипломатия ва барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш учун муҳим майдонга айланди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экологик масалалар бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотларда био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашув, “яшил” инновациялар, экологик таълим ва барқарор иқтисодий тараққиёт масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) бош директори Гретел Агилар билан бўлиб ўтган учрашувда био хилма-хилликни сақлаш, табиатга асосланган ечимларни кенг жорий этиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқаришни такомиллаштириш ва экотуризмни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, био хилма-хиллик бўйича янгиланган Миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, Марказий Осиёнинг минтақавий Қизил рўйхатини яратиш ҳамда трансчегаравий муҳофаза ҳудудларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) вакиллари билан ўтказилган музокараларда “яшил” саноатлаштириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни самарали бошқариш ва саноатни модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар иқлим инновацияларини қўллаб-қувватлаш, стартапларни ривожлантириш ҳамда иқлим барқарорлигини таъминлашга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ҳам кўриб чиқди.

Шунингдек, “National Geographic Society” ташкилоти вакиллари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг ноёб табиий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, ҳужжатли фильмлар ва рақамли контент яратиш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, Оролбўйи ҳудуди, тоғ ва чўл экотизимларини ўрганиш бўйича қўшма экспедициялар ташкил этиш таклиф қилинди.

Омон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбарияти билан учрашувда эса чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини бошқариш, био хилма-хилликни асраш ва чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги амалий ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ва қумларни мустаҳкамлаш технологиялари бўйича қўшма тадқиқотлар олиб бориш ташаббуси илгари сурилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА