Халқаро ҳамкорлик доирасида маҳорат дарслари ўтказилди
Фавқулодда вазиятлар академиясида профессор-ўқитувчилар, тингловчилар ва курсантлар учун Нигериялик иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Габриел Аёдежи Огунмола иштирокида “Фавқулодда вазиятлар хавфсизлиги бўйича таълим: сунъий интеллект, виртуал реаллик ва глобал ёндашувлар” мавзусида маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, таълим жараёнини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига фаол жалб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда хорижий профессор сунъий интеллект, виртуал реаллик ва бошқа инновацион технологияларнинг таълим жараёнидаги имкониятлари, уларни фавқулодда вазиятлар хавфсизлиги йўналишида қўллашнинг амалий жиҳатлари ҳамда мазкур технологиялар орқали мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, маърузада фавқулодда вазиятларни моделлаштириш, хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш, қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш, амалий машғулотлар самарадорлигини ошириш ва таълим олувчиларни реал вазиятларга тайёрлашда рақамли ечимларнинг ўрни алоҳида таъкидланди.

Иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, халқаро тажриба, инновацион таълим методлари ва замонавий технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш масалалари бўйича фикр алмашдилар.
Маҳорат дарси якунида ФВВ Академияси раҳбарияти профессор Габриел Аёдежи Огунмолага ташрифи, мазмунли маърузаси ва халқаро тажрибаси билан ўртоқлашгани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Гулноза Бобоева,ЎзА