Халқаро фестивалларда порлаётган Фарғона қўғирчоқ театри
ФОТОРЕПОРТАЖ
1989 йилда ташкил этилган Фарғона вилояти қўғирчоқ театри бугун мамлакатимиз қўғирчоқ санъатининг етакчи ижодий масканларидан бирига айланган. 1993 йилда давлат театри мақомини олган жамоа миллий анъаналарни замонавий ижодий ёндашувлар билан уйғунлаштирган ҳолда, ёш авлодни эзгулик, инсонпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда.
Кейинги йилларда театр халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш, хорижий театрлар билан ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзбек қўғирчоқ санъатини жаҳон саҳналарида муносиб намоён этиш борасида салмоқли натижаларга эришди. Жамоа Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Грузия, Эрон ва Қирғизистонда ўтказилган нуфузли фестиваль ва ижодий форумларда иштирок этиб, қатор мукофот ва дипломларни қўлга киритди.
Хусусан, “Мусиқали чойхона”, “Айёрлар”, “Тойчоқ” ва “Меҳр қаерда?” каби спектакллар халқаро фестивалларда эътироф этилиб, турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди. Айниқса, Эроннинг Ҳамадон шаҳрида ўтказилган 29-халқаро болалар ва ўсмирлар театр фестивалида “Мусиқали чойхона” спектакли Гран-при — “Энг яхши хорижий спектакль” мукофотини қўлга киритгани театр тарихидаги муҳим ютуқлардан бири бўлди.
[gallery-30232]
2022–2026 йиллар давомида театрнинг ёш актёр ва ижодий ходимлари Россия, Қозоғистон, Грузия ҳамда Туркияда ташкил этилган маҳорат дарслари ва малака ошириш дастурларида иштирок этиб, халқаро сертификатларга эга бўлди. Бу эса янги спектаклларни замонавий ёндашув асосида саҳналаштириш ва ижодий жамоанинг касбий маҳоратини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Фарғона вилояти қўғирчоқ театри директори Таваккал Султоновнинг таъкидлашича, 2026 йилда ҳам халқаро ҳамкорлик янада кенгайиб, Қозоғистон ва Туркияда ўтказилган фестивалларда театр спектакллари муносиб эътироф этилди. Театрнинг халқаро майдондаги ютуқлари ва самарали ижодий фаолияти инобатга олиниб, унга биринчи тоифали давлат театри мақоми берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА