Халқаро арбитраж бўйича тренинг якунланди
Пойтахтимизда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида халқаро арбитражга бағишланган икки кунлик ўқув-амалий тренинг бўлиб ўтди.
Тренингда Франция, Германия, Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистонда фаолият юритувчи халқаро миқёсда тан олинган экспертлар иштирок этиб, тингловчилар билан ўз тажрибалари ва амалий билимларини бўлишди.

Хусусан, халқаро арбитраж институтлари, асосий қоидалар ва жараён иштирокчиларининг роли, арбитраж келишувларини тўғри тузиш ҳамда юрисдикция билан боғлиқ муҳим жиҳатлар, арбитраж судини шакллантириш, арбитрларни тайинлаш ва уларнинг мустақиллиги каби мавзулар муҳокама этилди.

Шунингдек, процессуал бошқарув, иш юритиш тартиби ҳамда мураккаб низоларни самарали бошқариш усуллари ҳамда инвестициявий арбитраж бўйича махсус тақдимотлар қилинди.

Машғулотлар давомида тингловчилар нафақат назарий билимлар, балки реал амалий мисоллар асосида муҳим кўникмаларга эга бўлди ҳамда халқаро экспертлар билан бевосита мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.

Барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА