Ҳалоллик устувор жамиятда юксалиш бўлади
Коррупцияга қарши курашиш жамият тараққиёти, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўси ва нуфузини оширишда муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис, янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида кечаётган ислоҳотлар жараёнида коррупцияга барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти бош бошқармасига қарашли Пастдарғом банк хизматлари марказида коррупциянинг олдини олиш, банк тизимида шаффофликни таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти коррупциянинг олдини олишни мувофиқлаштириш бўлими мутасаддилари, туман ички ишлар бўлими ҳамда Пастдарғом банк хизматлари маркази масъуллари иштирок этди.

Давра суҳбати давомида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, соҳада ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва талаблари, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш механизмлари, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва ички назорат тизимини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Учрашув давомида иштирокчиларга коррупциянинг салбий оқибатлари, унинг жамият ва иқтисодиёт ривожига кўрсатадиган зарари ҳақида тушунчалар берилди ҳамда ҳар бир ходим ўз фаолиятида қонун устуворлигига қатъий амал қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Давра суҳбати мазмунли ва самимий руҳда ўтди. Зеро, ҳалоллик устувор бўлган жамиятда, адолат қарор топган жойда қут-барака ва юксалиш бўлади.
Н.Усмонова,
ЎзА