Ҳали қурилмаган уйлар реклама қилингани учун жарима солинди
Бугунги кунда уй-жой масаласи кўпчилик учун долзарб. Айниқса, янги қурилаётган уйлар ҳақидаги рекламалар одамларни тез қарор қабул қилишга ундайди. Лекин ҳар қандай реклама ортида ишонч ва қонун туриши шарт.
Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, айрим қурилиш компаниялари қонун талабларига риоя этмаган ҳолда, ҳали расмий рўйхатга киритилмаган уй-жой мажмуаларини фаол тарзда реклама қилиб келган.
Хусусан, “Humo Avenue”, “Story Dom Siyob”, “Aziya Makon City”, “Aziza Credo Max”, “Shohsaroy Enter Group” ва “Qorasuv Avenue” МЧЖларга қарашли қурилиш объектлари электрон рўйхатга киритилмаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилингани аниқланган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Яъни, тегишли рухсат ва рўйхатдан ўтмасдан туриб, қурилиш объектларини реклама қилиш тақиқланган.
Аниқланган қонунбузилишлар асосида Қўмита махсус комиссияси томонидан ушбу компанияларга нисбатан молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди. Шу билан бирга, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА