Ҳафтанинг ҳар жумаси "Миллий либослар куни" этиб белгиланди
Тошкент шаҳридаги бош бошқарма, бошқарма ва ташкилотлар ҳамда туман ҳокимликларида ҳафтанинг ҳар жума куни "Миллий либослар куни" этиб белгиланди.
Ушбу кунда мазкур ташкилотларнинг аёл ходимлари ўз иш жойларига миллий либосларда келиши тавсия этилмоқда.
Либослар – ҳар бир халқ тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, у миллий ўзига хосликни акс эттиради. Либослар турли этник белгилари билан ҳам ажралиб туради.
Узоқ тарихни босиб ўтган, аждодларимиз мафкураси ва дунёқараши ҳақида сўзлайдиган миллий либосларимизни сақлаб қолиш, тарғиб этиш ва миллийлигимизни унутмаслик мақсадида ташкил этилган "Миллий либослар куни"да махсус кийимлар жорий этилган жамоадаги хотин-қизлар миллий орнаментлардан фойдаланишлари мумкин.
Илк "Миллий либослар куни"ни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг аёл ходимлари миллий либосларда бошлаб берди.
Гулноза Бобоева, ЎзА