"Марказий Осиё ошхонаси" номли манга кўргазмаси очилди
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида "Япон баҳори" доирасида манга рассоми Каору Морининг "Марказий Осиё ошхонаси" номли манга кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, 16 йилдирки Ўзбекистон Бадиий академияси, Қозоғистоннинг "Дегдар" гуманитар жамғармаси, Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи, Ўзбекистон-Япония дўстлик жамияти ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Қирғизистонда "Япон баҳори" ва "Япон кузи" халқаро хайрия санъат фестиваллари ўтказиб келинади.

Маълумки, 2004 йилда Япония ва Марказий Осиёнинг бешта мамлакати (Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон) мамлакатлари ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун мулоқот эълон қилишган эди.

Каору Мори дунёга машҳур манга рассоми. У Японияда манга тарихидаги энг яхши асарлардан бири сифатида тан олинган "Эмма" мангаси билан халқаро миқёсда шуҳрат қозонди. Рассом кўплаб нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлган.

Каору Мори, айниқса Осиё минтақаси маданиятларига қизиқади. 2022 йилда рассом Бишкек, Тошкент, Самарқанд ва Риштонда манга бўйича маҳорат дарсларини ўтказди. Унинг энг машҳур асарларидан бири "Келиннинг ҳикояси" Марказий Осиёда бўлиб ўтди.

Кўргазма жорий йилнинг 12 апрелигача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА