Гулистонлик Сайёра «Йил ўқитувчиси» бўлди(+видео)
Ўқитувчи меҳнатининг энг катта натижаси — шогирдининг ютуғи. Гулистон туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўзбек тили фани ўқитувчиси Сайёра Эшбекова учун бу тамойил бугун яна бир муҳим натижа билан тасдиқланди. У мамлакатда илк бор ўтказилган «Йил ўқитувчиси» республика танловида ғолиб бўлиб, 616 миллион сўмлик пул мукофотига сазовор бўлди.
Жорий йилда илк бор ўтказилган танловда республика бўйича 46 минг нафардан ортиқ педагог иштирок этди. Уч босқичли беллашув якунида 208 та туман ва шаҳардан биринчи ўринни эгаллаган педагоглар ғолиб деб топилди. Танлов ғолибларининг ҳар бири 616 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланди.
Сайёра Эшбекованинг бу муваффақияти замирида эса бир неча йиллик меҳнат, изланиш ва ўз касбига янгича ёндашув бор.
У 2012–2016 йилларда Гулистон давлат университетида филология йўналиши, ўзбек тили ихтисослиги бўйича таҳсил олди. Олий таълимда олган билимларини мактаб амалиёти билан уйғунлаштириб, бугун ёш авлодга она тилимиз сирларини ўргатиб келмоқда.

Педагогнинг касбий маҳорати «Йил ўқитувчиси» танловига қадар ҳам бир қатор натижаларда намоён бўлган. 2025–2026 ўқув йилида аттестациядан 94 балл билан ўтиб, олий малака тоифасига эга бўлди ва 70 фоизлик устама олди.
Шундан сўнг у Вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилган суҳбатда ҳам юқори натижа қайд этди. Вилоят учун ажратилган 9 та квотадан 2-ўринни эгаллаб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдоридаги устамага сазовор бўлди. Аммо устознинг касбий натижаларини фақат шахсий кўрсаткичлар билан ўлчаб бўлмайди. Унинг меҳнати шогирдлари эришаётган ютуқларда ҳам акс этмоқда.
Сайёра Эшбекованинг ўқувчилари туман фан олимпиадасида биринчи ўринни эгаллашиб, вилоят босқичида ҳам фаол иштирок этишди. Ўнга яқин шогирди ўзбек тили ва адабиёти фанидан миллий сертификат соҳиби бўлишди.

Устознинг ўзи ҳам мазкур фан бўйича миллий сертификатга эга. Бу эса ўз фанини чуқур ўзлаштириш билан бирга, уни ўқувчига етказишнинг самарали усулларини излашга ундайди.
— Ўн йиллик педагогик фаолиятим давомида дарс жараёнида ўқувчиларнинг ёши, қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, турли интерактив методлардан фойдаланаман. Асосий мақсадим — ўқувчи олган билимини амалиётда қўллай олиши. Дарсларнинг муҳим босқичларида дебат усулидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратаман. Бу уларнинг ўз фикрини эркин ифодалаши, далил келтириши, таҳлил қилиши ва танқидий фикрлашини ривожлантиради, — дейди Сайёра Эшбекова.

Унинг айтишича, танловга тайёргарлик жараёнида вақтни тўғри тақсимлаш ва ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланиш муҳим бўлган.
— Бўш вақтим бўлдими, қўлимга китоб олдим. Вақтимдан унумли фойдаланиб, компьютеримда тақдимотим устида ишладим. Ҳар бир босқичга жиддий тайёрландим. Чунки танловда нафақат ўз билиминг, балки уни қандай намоён эта олишинг ҳам муҳим, — дейди у.
Танлов натижалари эълон қилинган кун эса устоз учун алоҳида ҳаяжонли бўлди.
— Ушбу танлов натижалари вазирлик томонидан эълон қилингач, дастлаб бунга ишонмадим. Оила аъзоларимиз билан бирга рўйхатни кўздан кечирдик. Рўйхатдан «Эшбекова Сайёра» деган исм-фамилияни ўқиганимда, юрагимда бир нарса дук этиб урди. Бу қувончни сўз билан ифодалаш қийин, — дейди Сайёра Эшбекова. Унинг бу муваффақиятида оила қўллови ҳам алоҳида ўрин тутади. Ўзи эътироф этганидек, педагог учун касбий ўсишга интилишда яқинларининг ишончи катта куч берган.
— Менга асосий куч берган нарса — Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, педагоглар учун яратилаётган кўплаб имкониятлардир. Юртбошимизнинг бизга шунчалик катта ишонч билдириб, имкониятлар яратаётгани менга дадил қадам ташлаш учун куч берди. Биринчи навбатда, шу ишонч мени руҳлантирди. Иккинчи навбатда эса ота-онам ва оила аъзоларимнинг менга бўлган ишончи, доимо ортимда таянч бўлиб туриши катта куч бағишлади, — дейди Сайёра Эшбекова.

Бугун таълим жараёнини фақат ёдлашга асосланган усуллар билан чеклаб бўлмайди. Ўқувчининг мустақил изланиши, фикрлаши ва билимни амалиётда қўллай олиши муҳим. Шу боис устоз дарсларида интерактив педагогика, лойиҳага асосланган таълим, кейс-стади, рақамли технологиялар, таълимий ўйинлар ва мусобақа элементларидан фойдаланади. Мунозара ва дебатлар эса ўқувчиларнинг дунёқараши ва мулоқот кўникмаларини бойитишга хизмат қилади.
Сайёра Эшбекова тўплаган тажрибасини ҳамкасблари билан баҳам кўришга ҳам интилади. Маҳорат дарслари, тренинглар ва очиқ машғулотлар орқали ўзининг самарали методларини бошқа педагогларга тақдим этиб келмоқда. «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблик эса устоз учун янги масъулият босқичини бошлади.
— Бу ғолиблик мен учун фақат эътироф эмас. У зиммамга янада катта масъулият юклайди. Ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўриш, замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш ва таълим сифатини изчил оширишга интилишим керак. Энг муҳими, билдирилган ишончни янги натижалар билан оқлашим зарур, — деди Сайёра.
Энди унинг олдида янги мақсадлар турибди. Сайёра Эшбекова ўзбек тили ва адабиёти дарсларини рақамли технологиялар билан бойитиш, ўқувчиларда танқидий ва таҳлилий фикрлаш, мутолаа маданияти ва саводхонликни ривожлантиришга қаратилган методик қўлланмалар устида ишлашни режалаштирмоқда.

— Мақсадим — ўзбек тилини ўқувчилар учун замонавий ва жозибадор фан сифатида кўрсатиш. Ҳар бир ўқувчим қалбида она тилимизга нисбатан эҳтиром ва ғурур туйғусини уйғотишни истайман. Келажакда кенг дунёқарашли, миллий қадриятлар ва замонавий билимларни уйғунлаштирган, ўз фикрини эркин баён эта оладиган ёшларни тарбиялаш учун бор билим ва тажрибамни сафарбар этаман. Мен учун энг асосийси — ўз касбимнинг чинакам фидойиси бўлиб қолиш, — дейди Сайёра Эшбекова.
Гулистонлик устознинг «Йил ўқитувчиси» танловидаги ғолиблиги — йиллар давомидаги меҳнат, изланиш ва педагогик ёндашувнинг натижаси. 616 миллион сўмлик мукофот эса бу йўлдаги якуний марра эмас, балки янги мақсадлар сари интилиш учун катта рағбат.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/T7KLlN03Zbo?si=fREOqVZ37poP932-" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ғулом Примов, ЎзА мухбири