Устозга эҳтиром — қалбдаги абадий миннатдорлик
Инсон ҳаётида шундай инсонлар бўладики, улар билан учрашуви, улардан олган таълими ва эшитган ҳар бир насиҳати йиллар ўтган сари янада қадрли бўлиб боради. Уларнинг ҳаётимиздаги ўрнини вақт ўтиб янада чуқурроқ англаймиз. Ана шундай улуғ инсонлар устозлардир.
Устоз инсонга фақат билим бермайди. У қалбга маърифат нурини олиб киради, дунёқарашни кенгайтиради, яхши билан ёмонни, эзгулик билан ёвузликни фарқлашга ўргатади. Устознинг бир оғиз сўзи баъзан инсоннинг бутун ҳаёт йўлини ўзгартириши мумкин. Шу маънода, устозлик оддий касб эмас, балки юксак масъулият, катта матонат ва инсон қалбига қилинган буюк хизматдир.
Менинг ҳаётимда ҳам шундай азиз ва қадрли устозлар бор. Улар орасида фалсафа фанлари номзоди, доцент Фарида Саипназаровнанинг алоҳида ўринлари бор. Мен ҳам Фарида Саипназаровнадан таълим олган шогирдларидан бириман. Шунинг учун у киши ҳақида ёзиш мен учун оддий хотира эмас, балки устоз олдидаги самимий миннатдорлигимни изҳор этиш имкониятидир.
Устоздан олган билимларим, дарслардаги суҳбатларимиз, инсон ва жамият ҳақидаги теран фикрлари, ҳаётга муносабатлари, талабаларга бўлган самимий эътиборлари ҳамон ёдимда. Йиллар ўтиб, инсон ўз ҳаёти ва касбий фаолиятига назар ташлар экан, кимлардан таълим олгани, кимларнинг сабоғи унга йўл кўрсатганини янада яхши англайди.
Илм ва устозликка бағишланган умр
Саипназарова Фарида Саипназаровна — Тошкент давлат аграр университетида кўп йиллар самарали илмий-педагогик фаолият олиб борган, фалсафа фанлари номзоди, доцент, моҳир педагог, тадқиқотчи ва жамоатчилик фаоли.
Фарида Саипназаровна 1977–2013 йилларда Тошкент давлат аграр университетининг Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедрасида илмий-педагогик фаолият олиб бориб, ўзининг бой тажрибаси, юксак педагогик маҳорати, илмга садоқати ва касбига фидойилиги билан университет жамоаси ва минглаб талабалар ҳурматини қозонган.
Устознинг педагогик фаолияти йиллар билан ўлчанмайди. Унинг самараси — шогирдлари, уларнинг ютуқлари, ҳаётда тутган ўрни ва қалбида сақланиб қолган устозлик хотиралари билан белгиланади.
Фарида Саипназаровна ҳам ўзининг кўп йиллик меҳнати давомида ана шундай катта ва маънавий бой мерос яратган устозлардандир.
2013 йилдан нафақада бўлишига қарамай, у киши илм-фан ва таълим соҳасидан узилиб қолмаган. Бугунги кунда ҳам университет жамоаси, ҳамкасблари ва шогирдлари билан яқин алоқада бўлиб, ўзларининг кўп йиллик тажрибаси, ҳаётий кузатишлари ва бой илмий салоҳияти билан атрофдагиларга кўмаклашиб келмоқдалар. Бунинг ўзи ҳам устозлик касби инсоннинг фақат меҳнат фаолияти эмас, балки бутун умрлик мақсади ва қалб эҳтиёжи эканини кўрсатади.
Моҳир педагог
Фарида Саипназаровна ўз фаолияти давомида моҳир педагог сифатида ўз ўқув услубига эга бўлганлар. У киши учун дарс фақат маъруза ўқиш ёки маълумот беришдан иборат эмас эди. Устоз талабани фикрлашга, савол беришга, мушоҳада юритишга, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини англашга ўргатар эдилар. Ўша даврнинг ўзидаёқ ўқув жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этишга, назарий билимларни ҳаёт билан боғлашга алоҳида эътибор қаратганлар. Дарсларни қизиқарли, мазмунли ва ҳаётий мисоллар билан бойитиб борганлар. Айниқса, ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишда талабанинг мустақил фикрлаши, дунёқараши, маънавий камолоти ва ҳаётга фаол муносабатига катта аҳамият берганлар. Талабалар билан турли фестиваллар, танловлар, экскурсиялар, бадиий кечалар ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишлари ҳам уларнинг педагог сифатидаги серқирра фаолиятидан далолат беради.
Фарида Саипназаровна талабага шунчаки диплом оладиган ёш мутахассис сифатида эмас, балки келажакда оила қурадиган, фарзанд тарбиялайдиган, жамиятда ўз ўрнига эга бўладиган инсон сифатида қараганлар.
Шунинг учун ҳам уларнинг тарбиясида касбий билим билан бир қаторда одоб, ахлоқ, маънавият, оилапарварлик, элпарварлик, инсонпарварлик ва Ватанга садоқат каби тушунчалар алоҳида ўрин эгаллаган.
Устознинг шогирд қалбида қолдирган изи
Устознинг энг катта ютуғи — унинг шогирдлари. Йиллар ўтиб, аудиториялар, маърузалар, дарс жадваллари ва имтиҳонлар ортда қолади. Аммо устознинг айтган гаплари, берган маслаҳатлари, меҳр билан қилган танбеҳлари ва қўллаб-қувватлаган лаҳзалари инсон хотирасида қолади. Фарида Саипназаровнадан таълим олган шогирдлар ҳам бугунги кунгача устозлари билан алоқаларини узмаганлари бежиз эмас. Чунки ҳақиқий устоз билан шогирд ўртасидаги муносабат диплом билан тугамайди. Бу муносабат умрбод давом этади. Мен ҳам йиллар ўтиши билан устозимдан олган сабоқларимнинг қадрини янада чуқурроқ англаб бормоқдаман. Ўша даврда оддийдек туюлган айрим фикрлар, маслаҳатлар ва ҳаётий мулоҳазаларнинг аслида нақадар катта маъно касб этганини бугун янада яхши тушунаман.
Аёл — оила, тарбия ва жамиятнинг маънавий таянчи
Фарида Саипназаровнанинг ҳаёт йўли ҳақида сўз юритганда, у кишининг аёл сифатида оила ва жамиятда тутган ўрнига алоҳида тўхталиш ўринлидир.
Аёл — аввало, оила меҳри ва файзининг тимсоли. Она сифатида фарзанд тарбиясига масъул, оилада меҳр-оқибат муҳитини яратади. Аммо аёлнинг вазифаси фақат оила доираси билан чекланиб қолмайди. Бугунги маърифатли аёл — она ҳам, мураббий ҳам, олим ҳам, педагог ҳам, жамоат арбоби ҳам, жамият тараққиётига ҳисса қўшувчи фаол шахс ҳам бўла олади.
Фарида Саипназаровнанинг ҳаёт йўли ана шу уйғунликнинг ёрқин намунасидир. У киши оилага меҳр ва садоқатни, касбга фидойиликни, илмга интилишни ва жамият олдидаги масъулиятни бир-бирига уйғунлаштира олганлар. Менинг назаримда, аёлнинг буюклиги ҳам шунда — у оиласининг файзу баракасини асраган ҳолда, ўз билими ва меҳнати билан жамиятга ҳам нур ва наф беради. Фарида Саипназаровна ана шундай зиёли, маърифатли, меҳрибон ва фидойи аёл сифатида кўпчиликка ибрат бўлиб келмоқдалар.
Илм ривожига бағишланган самарали фаолият
Фарида Саипназаровнанинг илмий изланишлари асосан оила феноменининг ижтимоий-фалсафий масалалари, ўзбек оиласининг тарихи, миллий оилавий қадриятлар ва уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнига бағишланган. У киши ўз тадқиқотларида оиланинг жамиятдаги ўрни, миллий қадриятларнинг авлоддан авлодга ўтиши, оилавий муносабатларнинг маънавий асослари каби муҳим масалаларга эътибор қаратганлар. Уларнинг илмий ва ўқув-услубий мероси салмоқли. Хусусан, 5 та монография, 8 та ўқув-услубий қўлланма, 50 дан ортиқ илмий, сиёсий ва оммабоп мақолалар яратганлар. Уларнинг гендер тенглиги масалаларига бағишланган илмий мақоласи Scopus тизимидаги халқаро илмий журналда чоп этилгани ҳам устознинг илмий изланишлари халқаро илмий майдон билан боғлиқ бўлганини кўрсатади.
Фарида Саипназаровна хорижий тажрибалар билан танишиш ва касбий малакасини ошириш мақсадида АҚШнинг Нью-Пальц университети, Малайзиянинг Седая коллежи ва Туркиянинг Гиза университетида илмий стажировкаларда иштирок этганлар. Демак, устознинг ҳаёт йўлида таълим, илм-фан, педагогик маҳорат ва доимий изланиш бир-бирини тўлдириб келган.
Устоз — жамоанинг маънавий бойлиги
Фарида Саипназаровна университет ҳаётида фақат педагог сифатида эмас, балки фаол ташкилотчи ва жамоатчилик ишларининг ташаббускори сифатида ҳам муносиб ўрин тутганлар. Университетдаги ижтимоий ва маънавий ҳаётда фаол иштирок этиб, ҳамкасблар ва талабалар билан турли тадбирлар, учрашувлар ва маърифий кечалар ташкил этишда ўз ҳиссаларини қўшганлар. Бугун ҳам жамоа билан яқин алоқада бўлиб, ҳамкасблар ва шогирдлар билан самимий муносабатларини давом эттириб келаётганлари — устозга бўлган ҳурматнинг ифодасидир. Чунки инсоннинг ҳақиқий қадри лавозими билан эмас, одамлар қалбида қандай хотира қолдиргани билан белгиланади.
Меҳнат ва хизматларнинг муносиб эътирофи
Фарида Саипназаровнанинг кўп йиллик илмий-педагогик меҳнати, таълим соҳасига қўшган ҳиссаси ва касбига фидойилиги муносиб тақдирланган. У «Ўзбекистон Олий таълим аълочиси», I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил», «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил», «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил» кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Бу мукофотлар устознинг кўп йиллик меҳнати ва таълим соҳасига қўшган ҳиссасининг муносиб эътирофидир.
75 ёш — файзли ва мазмунли умрнинг гўзал палласи
Бу йилги 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни Фарида Саипназаровна ҳаётида янада қувончли ва унутилмас сана сифатида муҳрланади. Азиз устозимиз шу кунда 75 ёшни қарши олмоқдалар. 75 ёш — инсон умрининг шундай бир фаслики, унда ўтган йилларга назар ташлаб, босиб ўтилган йўлнинг маъноси ва қадри янада теран англанади. Бу — фарзандлар, оила, шогирдлар, ҳамкасблар, дўстлар ва яқинлар билан ўтган йиллар; илмга бағишланган умр; дарслар, китоблар, илмий изланишлар; шогирдларга берилган сабоқлар; эзгу ишлар ва яхши хотираларга бой даврдир.
Нодира Раупова,
биология фанлари доктори, профессор