Гулистонда олтин куз манзаралари
Куз фасли табиатга ўзгача тароват ва гўзаллик бағишлайди. Дарахтларнинг олтинранг ва қизғиш тусга кирган барглари, майин шабадада ерга тўкилаётган хазонлар, қуёшнинг илиқ нурлари атрофда бетакрор манзара ҳосил қилади. Айни кунларда Гулистон шаҳар истироҳат боғида ҳам кузнинг ана шундай гўзал палласи ҳукм сурмоқда.
Боғ йўлакларига тўкилган сарғиш барглар, дарахт шохлари орасидан таралаётган қуёш нурлари ва осуда муҳит бу масканга ўзгача файз бағишлаган. Кузнинг ранг-баранг манзаралари сайрга чиққан аҳоли ва шаҳар меҳмонларига хуш кайфият улашмоқда.
Айниқса, боғда сайр қилиб, табиат қўйнида вақт ўтказаётган болажонларнинг қувончи ўзгача. Улардан бири тенгдошлари билан ўйин-кулгига берилган бўлса, бошқалари куз манзараларини қоғозга тушириш билан машғул. Қўлига қалам ва мўйқалам тутган ёш мусаввирлар табиат гўзаллигини ўз тасаввурлари орқали акс эттирмоқда.
[gallery-32037]
Кузнинг сокин ва рангин манзаралари, болаларнинг беғубор қувончи Гулистон шаҳар истироҳат боғига янада ўзгача файз бағишламоқда.
Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА