Туркий дунё музейлари раҳбарлари Андижонда жам бўлди
“Андижон – 2026 йилда Туркий дунёнинг маданият пойтахти” дастури доирасида Туркий дунё музейлари раҳбарларининг V учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган музей соҳаси вакиллари иштирок этди.
Халқаро анжуманда туркий халқларнинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этиш, музейлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш давомида музейлар фаолиятини такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, музей фондларини бойитиш ҳамда ноёб экспонатларни кенг жамоатчиликка намойиш этиш борасида фикр алмашилди. Шунингдек, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиниб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан таклифлар билдирилди.
Анжуман якунида 2027 йилда Туркий дунё музейлари раҳбарларининг навбатдаги учрашуви ҳамда TURKSOY музейлар уюшмасининг даврий йиғилишини Туркияда ўтказиш белгиланди. Шу муносабат билан рамзий эстафета Туркия вакилларига топширилди.
Мазкур халқаро учрашув туркий халқларнинг муштарак маданий меросини асраб-авайлаш, тарихий ва маданий бойликларни келажак авлодларга етказиш, шунингдек, музейлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
[gallery-32087]