Ғолиблар тақдирланди
Нукусда хотин-қизларни оммавий спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган “Аёллар спорт олимпиадаси” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 200 нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этди.
Мусобақанинг очилишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Еркинбай Қутибаев иштирок этиб, бугунги кунда аёллар спортига бўлган эътиборни алоҳида таъкидлаб, иштирокчиларга келгуси мусобақаларда омад тилади.
Маҳаллалардаги 18-30 ва 30 ёшдан юқори хотин-қизлар спортнинг енгил атлетика, шахмат, шашка ва стол тенниси турларидан ўз маҳоратларини намойиш этди.
[gallery-29253]
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якунида ғолиблар аниқланди. Стол тенниси бўйича 18-30 ёшдагилар ўртасида Нукус шаҳридан Гулхан Жалгасбаева, 30 ёшдан юқорилар ўртасида Амударё туманидан Дилшода Раджапова, шашка бўйича 18-30 ёшдагилар ўртасида Нукус шаҳридан Гулсанам Қурбонбоева, 30 ёшдан юқорилар ўртасида Чимбой туманидан Зулфия Хошимуратова, шахмат бўйича 18-30 ёшдагилар ўртасида Чимбой туманидан Айзада Сарсенбаева, 30 ёшдан юқорилар ўртасида Тўрткўл туманидан Амина Нуржанова биринчи ўринни эгаллади.
Енгил атлетика бўйича 60 метр масофага югуришда 18-30 ёшдагилар ўртасида Қораўзак туманидан Гулзод Алписбаева, 30 ёшдан юқорилар ўртасида Қўнғирот туманидан Манзура Исмоилова, 100 метр масофага югуришда 18-30 ёшдагилар ўртасида Чимбой туманидан Перийзат Қутлимуратова, 30 ёшдан юқорилар ўртасида Хўжайли туманидан Давлатбека Жақсимуратова, 200 метр масофага югуришда 18-30 ёшдагилар ўртасида Шуманай туманидан Айша Жуманбетова, 30 ёшдан юқорилар ўртасида Амударё туманидан Гулхан Маткурбанова биринчи ўринларни эгаллади.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ғолибликни қўлга киритган хотин-қизлар эндиликда мамлакатимиз босқичида иштирок этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.