Экология ва саломатлик йўлида хотин-қизларнинг ўрни
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда Президентимиз томонидан соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш ҳамда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш каби устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида Республика болалар ижтимоий мослашув марказида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ва партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида “Соғлом аёл – Янги Ўзбекистон таянчи” мавзусида спорт ва интеллектуал тадбир ташкил этилди. Унда қуйи палата депутатлари, партия Марказий Кенгаши вакиллари ҳамда 200 нафарга яқин хотин-қизлар фаол иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар соғлом авлодни тарбиялаш, экология ва саломатлик ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳамда жамиятда фаол ва соғлом хотин-қизларнинг ўрни борасида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Хотин-қизларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, уларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини кучайтириш ҳамда экология ва саломатлик маданиятини юксалтиришда бу каби амалий тадбирларнинг аҳамияти муҳимлиги урғуланди.
Ҳақиқий спорт ва ақл синови кўринишида ўтган тадбир давомида иштирокчилар тезлик ва чаққонлик бўйича эстафета беллашувларида, аниқлик ва мувофиқликни талаб этувчи машқларда фаол иштирок этди.

Интеллектуал беллашувларда эса иштирокчилар экология ва саломатликка оид саволларга жавоб бериш орқали ўз билим ва тафаккурини, экологик саводхонлиги ва экомаданиятини намоён этди.
Қизғин ва кўтаринки руҳда ўтказилган беллашувлар якунида ғолиблар, энг фаол ва маҳоратли иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА