Ғолиблар имтиёзли асосда талабаликка қабул қилинади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат университетида математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ва академик лицей битирувчилари ўртасида кўп босқичли фан олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Ўқув ишлари бўйича проректор Рустам Жумаев тадбирда сўз олиб, ушбу билимлар беллашувида илм-фанга чанқоқ, интеллектуал салоҳияти юқори ва мустақил фикрлайдиган ёшларни саралашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-29063]
Олимпиаданинг вилоят босқичида юқори натижа кўрсатган 50 нафар энг иқтидорли ёш (ҳар бир фандан 10 нафардан) якуний босқичда ўз билимини синовдан ўтказди. Жараёнлар икки турда ташкил этилиб, иштирокчилар мураккаб масалалар бўйича ёзма иш ҳамда тест синовлари ва лаборатория машғулотларини бажарди.
Низом талабларига кўра, якуний босқичда ҳар бир фан бўйича 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган ғолиблар 2026/2027 ўқув йилида Бухоро давлат университетига давлат имтиҳонларисиз, имтиёзли асосда талабаликка қабул қилинади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА