Гиёҳвандликка қарши оммавий спорт тадбири ўтказилди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги болалар-ўсмирлар спорт мактабининг академик эшкак эшиш базасида “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз, биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида оммавий спорт тадбири юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур тадбир ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, гиёҳвандлик каби иллатларга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги масъул ходими Жонибек Юсупов, шаҳар ҳокими ўринбосари Фаррух Алимов, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари, спорт мураббийлари ҳамда фаол ёшлар иштирок этишди. Бу эса тадбирнинг нафақат спорт, балки ижтимоий-маънавий аҳамиятини янада оширди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни зарарли одатлар таъсиридан асраш, жисмоний фаолликни ошириш ва бўш вақтни мазмунли ташкил этиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан, бундай спорт ва маънавий-маърифий тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

– Бундай тадбирлар ёшлар онгида соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни кучайтиради, уларда ҳаётга онгли муносабатни шакллантиради. Энг муҳими, ёшларни турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, уларни жамиятда фаол ва фойдали шахс сифатида камол топтиришга хизмат қилади, – деди шаҳар ҳокими ўринбосари Фарруҳ Алимов.

Академик эшкак эшиш спорт тури юқори даражадаги жисмоний тайёргарлик, ирода ва интизомни талаб этади. Шу боис, Ширин шаҳар спорт мактабида мазкур йўналиш бўйича яратилган замонавий инфратузилма ёш спортчиларни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Бу ерда тайёрланаётган ёшлар нафақат ҳудудий, балки республика ва халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиб келишмоқда.

Тадбир доирасида турли спорт мусобақалари, кўргазмали чиқишлар ва тарғибот акциялари ўтказилиб, иштирокчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити шакллантирилди.
Тадбир якунида иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, мусобақаларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритган ёш спортчилар — Самандар Раҳимбердиев, Ғайратжон Аҳмедов, Шоҳжаҳон Абдуҳакимов, Шоҳиста Раҳмонқулова, Мадина Савина, Ҳосила Тожибоевалар муносиб тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири