Гимнастрада: Бухоро жамоаси ғолиблик шоҳсупасида
Пойтахтимиздаги Республика гимнастика саройида “Гимнастика барча учун” шиори остида хотин-қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президент кубоги мусобақасида Бухоро вилояти жамоаси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иштирок этган Спорт вазири Адҳам Икрамов, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, “Адолат” социал-демократик партияси раиси ўринбосари Озода Парпибоева мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларни оммавий спортга кенг жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самараси ҳақида тўхталиб, жорий йил сентябрь ойида якунланган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган уч босқичли “Гимнастрада” мусобақаларида 14-30 ёшдаги 303 минг нафардан ортиқ йигит-қиз иштирок этганлигини таъкидлашди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ёшлар, жумладан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Президент кубоги мусобақасининг жорий йилги мавсумида ҳам 10 минг нафардан ортиқ хотин-қиз қатнашди.

Мусобақанинг финал босқичи 10-44 ёшдаги ҳамда 45 ёшдан юқори хотин-қизлар ўртасида икки ёш тоифасида ташкил этилди. Ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 24 та жамоа таркибидаги 350 нафарга яқин иштирокчи пойтахтимизда жам бўлди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ҳудудий студиялар орқали яна 1 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар тадбирда иштирок этди.

Гимнастрада бўйича ўтказилган мазкур ўзига хос спорт мусобақаси 10–44 ёш ҳамда 45 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар ўртасида икки ёш тоифасида, 6 та номинация бўйича ташкил этилди.
Мусобақа натижаларига кўра, 24 та жамоа икки ёш тоифаси доирасида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Т. Рўзиев, ЎзА