Германия Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилди
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Германия Бундестаги депутатлари Петер Фельзер ва Кристоф Биргхан билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, парламентлараро мулоқот икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Германия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва таълим соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Германия парламенти аъзолари Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган, улкан иқтисодий ва инсон салоҳиятига эга давлат сифатида минтақада муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Германия Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилди.
Мулоқот якунида томонлар белгиланган устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва мунтазам алоқаларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА