Германия билан ҳамкорликда ҳамширалар тайёрлаш йўлга қўйилади
Миграция масалаларига бағишланган видеоселекторда Президент томонидан фуқароларни хорижий давлатларга ишга юборишдан олдин уларга бориладиган мамлакат тилини ўргатиш, замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш ҳамда юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш бўйича топшириқлар берилган эди. Айни пайтда мазкур вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган дастур амалга оширилмоқда.
1-Марғилон Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида Германиянинг BSW – Bildungswerk der Sächsischen Wirtschaft ташкилоти билан ҳамкорликда «CareBridge» халқаро лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Унинг доирасида ўқувчиларнинг билим ва касбий салоҳиятини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда уларни келажакдаги мақсадлари сари рағбатлантириш мақсадида халқаро танишув сафари ташкил этилди.

Махсус саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 10 нафар ўқувчи 2 нафар ҳамроҳ вакил билан Германияга йўл олди.
Сафар давомида иштирокчилар Германиянинг Саксония федерал еридаги тиббиёт муассасалари, касбий таълим марказлари ва ҳамширалик йўналишидаги замонавий таълим жараёнлари билан танишадилар.

Шунингдек, немис мутахассислари билан тажриба алмашиш, амалий билимларини мустаҳкамлаш ва халқаро тажриба орттириш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу сафар «Wirtschaftsförderung Sachsen» (WFS) ташкилоти томонидан молиялаштирилмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА