Газ соҳасида йўқотишларга қарши янги ечимлар жорий этилади
Мамлакатимизда газ таъминоти тизимини модернизация қилиш, унинг самарадорлигини ошириш ва рақамли технологияларни жорий этиш устувор вазифалардан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва илғор тажрибаларни татбиқ этишга қаратилган учрашувлар алоҳида аҳамият касб этади.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Eysasoft Holding Ltd” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъуллари ўртасида ўтказилган мулоқот ана шундай ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Унда томонлар газ таъминоти соҳасини модернизация қилиш доирасида автоматлаштириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашди. Уларнинг қайд этишича, ушбу йўналишда инновацион ечимларни самарали татбиқ этиш асносида тармоқ бошқарувини янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари янада кенгаяди.
Музокаралар чоғида газ йўқотишларини камайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда ақлли газ ҳисоблагичлари ва замонавий ўлчаш воситаларидан фойдаланган ҳолда миллий интеллектуал газ ҳисобини юритиш инфратузилмаси - Advanced Metering Infrastructure (AMI) тизимини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
“Eysasoft Holding Ltd” томонидан мазкур лойиҳани молиялаштириш бўйича илғор халқаро тажрибага асосланган комплекс молиявий моделлар тақдим этилди. Унда лойиҳани катта капитал харажатларсиз амалга ошириш имкониятларини назарда тутувчи замонавий ёндашувлар илгари сурилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, тақдимот доирасида пилот лойиҳани тезкор ишга тушириш, уни босқичма-босқич амалга ошириш механизмлари, шунингдек, техник ва ташкилий жиҳатлар батафсил кўриб чиқилди. Шу билан бирга, лойиҳанинг жамият фаолиятига ижобий таъсирини таъминлаш мақсадида уни ҳар томонлама ўрганиш ва амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА