Габриэль Гуот Асиен: Ўзбекистон ташаббуслари глобал барқарор ривожланиш ва хавфсизликка муносиб ҳисса қўшади
Пойтахтимизда Парламентлараро Иттифоқ 150-юбилей Ассамблеяси ўз ишини давом эттирмоқда. Халқаро экспертлар фикрича, мазкур нуфузли анжуман айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани – юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш борасида эришилаётган улкан натижалар эътирофи.
ЎзА мухбири Жанубий Судан Парламенти аъзоси Габриэль Гуот Асиен билан мулоқот қилиб, сессияларда кўрилаётган масалалар, кеча Президентимиз мазкур йиғиндаги нутқида илгари сурган таклифлар юзасидан меҳмон делегат фикрларини ёзиб олди.
– Охирги саккиз йилда Ўзбекистон очиқ, дўстона ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувликка асосланган ташқи сиёсат юритиб, нафақат қўшни давлатлар, балки халқаро ҳамжамият билан ҳам яқин мулоқот ўрнатишга фаол интилмоқда.
Жаҳон ҳамжамияти олдида турган халқаро хавфсизлик, инсон ҳуқуқи ҳимояси, иқлим ўзгаришига қарши кураш, барқарор ривожланиш каби долзарб масалаларни ҳал қилишда парламентлараро мулоқотнинг ўрни алоҳида.
Навбатдаги Ассамблея кун тартибида айнан шундай муҳим мавзулар муҳокама қилинмоқда. Бу қизғин жараёнда Ўзбекистон парламентарийлари ҳам фаол иштирок этиб, қонунчилик асосларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар билан чиқмоқда.
Муболағасиз айтганда, бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари юртингиздаги демократик ўзгаришлардан, айниқса инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш сингари ҳаётий муҳим муаммолар ечими йўлидаги саъй-ҳаракатлардан ўрнак олса арзийди.
Кеча Ассамблея ялпи мажлисида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Эътиборли жиҳати, Президентнинг Парламентлараро Иттифоқ 150-юбилей Ассамблеясида иштирок этаётган 140 дан ортиқ давлатнинг 2 000 га яқин парламент вакилига мурожаатида глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар кўтарилди.
Жумладан, Украина инқирози БМТ раҳбарлигида, амалдаги халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳал этилиши кераклиги, Фаластин инқирози учун ягона ечим “икки халқ учун – икки давлат” тамойили экани айтиб ўтилди. Қолаверса, Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, давлат раҳбари ўз нутқида қайта тикланадиган энергияга устуворлик бериш, “яшил” технологияларга ўтишни рағбатлантириш, сунъий интеллект, Парламентлараро Иттифоқ тизимида Ёшлар парламентлари глобал платформасини такомиллаштириш зарурлигига ҳам тўхталди.
Умуман, Ассамблеяда муҳокама этилаётган масалалар умумий тараққиёт ва хавфсизлик учун беқиёс аҳамиятга эга. Бу жараёнда парламентларнинг фаол иштироки мустаҳкам қонунчилик асосларини яратиш, глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни кучайтиришга кўмаклашади. Ўзбекистон мазкур йиғин доирасида илгари сураётган ташаббуслари билан халқаро ҳамжамиятнинг барқарор ривожланиш ва хавфсизликка қаратилган саъй-ҳаракатларига муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА