Франция элчиси институтда бўлди
Франциянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук Андижон давлат чет тиллари институтида бўлди. Олий мартабали меҳмонни институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов бошчилигида институт жамоаси самимий кутиб олди.
Ташриф давомида Франция элчиси институт фаолияти, таълим жараёнлари ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишларида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, томонлар ўртасида истиқболли ҳамкорлик бўйича мулоқот ва музокара ҳам ўтказилди.


Мулоқотда Ўзбекистон ва Франция ўртасида савдо, иқтисодий, маданий, айниқса, таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, талабалар ва ўқитувчилар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, Франция олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.


Меҳмонлар институтда хорижий тиллар, хусусан, француз тилини ўрганиш учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари билан танишди. Элчи яратилган имкониятларни юқори баҳолаб, талабаларнинг француз тилини ўрганишга иштиёқи юқори эканлигидан мамнунлигини билдирди.
Ушбу ташриф институтнинг халқаро алоқаларини кенгайтириш, хорижий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда талаба-ёшлар учун янада кенг имкониятлар эшигини очишга замин яратди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА мухбири.