Темурийлар даври: сиёсат, илм-фан ва маданият уйғунлиги
OʻzLiDeP Навоий вилоят Кенгаши, PROFI UNIVERSITY НТМ Навоий филиали ҳамда Турон Фанлар академияси ҳамкорлигида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Темурийлар даври: сиёсат, илм-фан ва маданият уйғунлиги” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова, OʻzLiDeP Навоий вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов, Турон Фанлар академияси Навоий вилояти филиали раҳбари Камол Йўлдошев, Амир Темур халқаро фонди Навоий вилояти филиали раҳбари Рамазон Эгамов, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Мазкур анжуманда мамлакатимизда буюк аждодларимиз меросини ўрганиш, миллий қадриятлар ва тарихий хотирани асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлаш борасида алоҳида сўз юритилди.

– Амир Темур ва темурийлар даври нафақат миллий тарихимиз, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётида ҳам алоҳида ўрин тутган, – дейди тарихчи олим Рамазон Эгамов. – Айниқса, бу даврда давлат бошқаруви, илм-фан, меъморчилик, адабиёт ва маданият соҳалари юксак тараққий этган. Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг илмий мероси бугун ҳам инсоният учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Темурийлар давридаги илм аҳлига бўлган эътибор, адолатли давлат бошқаруви, маърифатпарварлик сиёсати бугунги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси билан уйғун эканлиги аҳамиятлидир.

Конференция якунида иштирокчилар келгусида ҳам бу каби маърифий-илмий тадбирларни изчил давом эттириш юзасидан таклифлар билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири