Фикрлар тингланди, таклифлар қўллаб-қувватланди
Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев иштирокида боёвутлик ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқот ёшлар учун мазмунли ва эсда қоларли учрашувлардан бири бўлди.
Учрашув ёшларни қийнаётган масалаларга ечим излаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва фикр-мулоҳазаларини тинглаш учун очиқ мулоқот майдонига айланди. Унда ёшларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим имкониятларини кенгайтириш, инновацион лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги ташаббусларни рағбатлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида билдирилган ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилди. Истиқболли ғоя ва таклифларни ҳаётга татбиқ этиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
[gallery-30689]
Шундан сўнг, Ёшлар ишлари агентлиги директори бошчилигидаги ишчи гуруҳ туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов ҳамроҳлигида Ифтихор маҳалласида фаолият юритаётган тадбиркор Ойдин Бектемирова хонадондаги корхона билан танишди.
Меҳнат ва давлат кўмаги уйғунлигида ташкил этилган мазкур корхонада миллий қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ажратилган замонавий печь ҳисобига ишлаб чиқариш қуввати оширилди. Бугунги кунда бу ерда 15 нафар ёш доимий иш билан таъминланган. Тадбиркорнинг ойлик даромади ўртача 20 миллион сўмни ташкил этади.
Ишчи гуруҳ Боёвутда барпо этилган Ёшлар маркази фаолияти билан ҳам танишди. Марказда IT, робототехника, хорижий тиллар, шахмат ва касб-ҳунар йўналишлари бўйича тўгараклар, шунингдек, кутубхона фаолият юритмоқда. Яратилган шарт-шароитлар ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Марказда ёшлар томонидан ишлаб чиқилган робототехника, дастурлаш ва стартап лойиҳалари тақдим этилди. Лойиҳаларни тижоратлаштириш, грант ва инвестицияларни жалб қилиш, ёшлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Шунингдек, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди.
Ташриф давомида ишчи гуруҳи "Магистр кидс" ўқув маркази фаолияти билан ҳам танишди. Марказ раҳбари Одилжон Абдуаҳадов билан мулоқотда таълим сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда хусусий таълим муассасалари имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда мазкур марказда икки сменада қарийб 200 нафар ўқувчи инглиз ва рус тиллари ҳамда математика фанлари бўйича таълим олмоқда. Шу билан бирга, марказ 11 нафар ёшнинг доимий бандлигини таъминлаган.
Энг муҳими, Боёвутда бўлиб ўтган мазкур очиқ мулоқот ёшларнинг фикр ва ташаббуслари давлат эътиборида экани, уларнинг ҳар бир ғояси ва мурожаати амалда қўллаб-қувватланаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА