Фармацевтика соҳасида халқаро ҳамкорлик: инвестиция, технология ва ишонч
Сўнгги йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноати жадал суръатларда ривожланмоқда. Соҳага илғор технологиялар, халқаро стандартларга жавоб берадиган ишлаб чиқариш қувватлари ва замонавий менежмент тизимларини жорий этиш орқали маҳаллий доривор воситалар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан янги лойиҳаларни амалга ошириш, қонунчилик базасини такомиллаштириш ва соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимиз фармацевтика бозорининг барқарор ўсиши хорижий компаниялар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Германия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этилиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни локаллаштириш, янги турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Бундай ҳамкорлик нафақат соҳага замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб этмоқда, балки мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида ташкил этилган Япония делегацияси билан учрашувдан ҳам кўзланган мақсад соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
"Pharmaceutical Cooperative Union in NARA" ва унинг бир қатор етакчи компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон бозори билан танишди, имконият ва талаблар борасида маълумотга эга бўлди.
Агентлик директори Абдулла Азизов билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий дори воситаларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш ва импортга боғлиқликни камайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нафaқат маҳсулот тайёрлаш, балки уни сотиш жараёнида ҳам хорижий ҳамкорларни жалб этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Учрашув самимий ва ишбилармонлик муҳитида ўтди ҳамда томонлар келгусида амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.
***

Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Хитойнинг “Guoju Medical Technology” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида “Бир белбоғ – бир йўл” ташаббусини амалга ошириш доирасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудида Ўзбекистон шарқ табобати ва Хитой халқ табобатини уйғунлаштирган янги илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш ташаббуси муҳокама этилди.
Шунингдек, томонлар қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, янги тиббий ва фармацевтик йўналишларда тадқиқотларни биргаликда олиб бориш, ҳамда ўзбек илмий ходимларини Хитойда малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурларига жалб этиш бўйича келишувга эришди.
Ушбу ташаббус икки мамлакат илмий ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий билим ва илғор тажрибалар алмашинувига хизмат қилади.
***

Шу йилнинг 4-6 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ташкил этилган “UzMedExpo-2025” Халқаро тиббиёт кўргазмасини соғлиқни сақлаш соҳасида куз мавсумининг муҳим воқеаси сифатида эътироф этсак муболаға бўмайди.
Кўргазма соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли замонавий ечимларни: илғор тиббий технологиялар ва ускуналар, фармацевтика ишланмалари, сарф материаллар, IT-тизимлар ва сервис хизматларини ўз ичига олди. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш ва хорижий компаниялар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этди.
Кўргазмада Ўзбекистон, Беларусь, Эрон, Корея Республикаси, Покистон, Россия, Туркия, Япония ва Хитой каби давлатлардан 80 га яқин компания иштирок этди.
***

Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг Хитойнинг йирик компанияларидан бири "China Construction" компанияси вакиллари билан учрашувида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳамда Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг жадал ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди. Суҳбат жараёнида мамлакатимизда фармацевтика соҳасига давлат даражасида катта эътибор қаратилаётгани, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни жорий этиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
"China Construction" компанияси вакилларининг сўзларига кўра, компаниянинг асосий фаолият йўналишлари қурилиш ва лойиҳалаш ишларини амалга ошириш, халқаро инвестицияларни жалб этиш ҳамда қурилган объектларни самарали эксплуатация қилишни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдираётганини, айниқса, фармацевтика кластерлари, илмий-тадқиқот марказлари ва саноат зоналарини қуриш соҳаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилди.
Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтиб, томонлар келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш, аниқ лойиҳалар устида иш олиб бориш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди. Учрашув якунларига кўра, ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
***

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Польша фармацевтика саноатининг етакчи компаниялари: "Polpharma", "Adamed Pharma" ва "Biofarm" вакилларидан иборат делегациянинг учрашув ҳам бўлиб ўтди. Учрашувда фармацевтика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бозордаги нарх сиёсатига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Польша томони Ўзбекистонда фармацевтика соҳаси учун муҳим бўлган халқаро стандартлар жорий этилаётганини алоҳида таъкидлади. Улар, хусусан, WLA (World Listed Authority) recognition тизимининг жорий этилишини катта қадам сифатида баҳолади ва бу янгилик Польша компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш бўйича қизиқишини янада оширганини билдирди. Ушбу тизимнинг амалиётга киритилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтириши ва экспорт салоҳиятини кучайтириши қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда референт нархлар сиёсати, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда фармацевтика соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари батафсил муҳокама қилинди. Польша компаниялари Ўзбекистон фармацевтика бозорида ўз фаолиятини кенгайтириш, илмий тадқиқотлар, инновацион технологиялар ва таълим соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйиш ниятида эканликларини билдирди.
Томонлар фармацевтика соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги инвестиция йўналишларини очиш ҳамда икки мамлакат фармацевтика саноатлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
***

Ана шундай муҳим учрашувлардан яна бири Агентлик директори Абдулла Азизов ва Малайзия делегацияси билан бўлди. Делегация таркибига мамлакатнинг регулятор органи вакиллари, шунингдек, тиббий буюмлар соҳасида фаолият юритаётган олтита етакчи компания раҳбар ва мутахассислари кирди.
Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, фармацевтика ва тиббий асбоб-ускуналар йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Малайзия томони Ўзбекистонда фармацевтика ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритиш имкониятлари, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини Малайзия бозорига экспорт қилиш истиқболларига қизиқиш билдирди. Экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, сифат стандартларини уйғунлаштириш ва лицензиялаш жараёнларини енгиллаштириш борасида фикр алмашилди.
Агентлик директори томонидан Малайзия делегациясига Ўзбекистон фармацевтика саноатининг сўнгги йиллардаги ривожланишига бағишланган тақдимот ўтказилди. Презентацияда фармацевтика кластерлари, илмий-инновацион лойиҳалар, хорижий сармояларни жалб этиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида делегация учун “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Меҳмонларга ишлаб чиқариш инфратузилмаси, илмий лабораториялар ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар намойиш этилди.
Самимий ва ишбилармонлик муҳитида ўтган мазкур учрашувда келгусида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун янги йўналишлар белгилаб олинди.
***

Эроннинг “Pouya Pharmed Pharm” ва “Sinacell” компаниялари вакиллари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига ташриф буюрди. Агентлик мутасаддилари билан учрашувда Эрон компаниялари ўз фаолияти, ишлаб чиқариш йўналишлари ва юқори технологияли фармацевтик маҳсулотлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, улар Ўзбекистон фармацевтика бозорининг жадал ривожланиб бораётгани ва мавжуд инвестиция имкониятларига катта қизиқиш билдирди.
Агентлик директори мамлакат фармацевтика бозорида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳамда яратилган имтиёз ва қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. У Эронда фармацевтика саноатининг ривожланишига юқори баҳо бериб, мазкур тажриба Ўзбекистонда қўшимча қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жадаллаштиришда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Музокаралар давомида “Pouya Pharmed Pharm” ва “Sinacell” компаниялари томонидан Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фармацевтик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ҳамда замонавий технологияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Компаниялар мавжуд лойиҳаларни ўрганиш ва мамлакатга инвестиция киритишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида томонлар фармацевтика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда инвестиция лойиҳаларининг амалий имкониятларини ўрганиш бўйича қўшма ишларни олиб боришга келишиб олди.
Бу каби учрашувлар халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кенгайишига хизмат қилади, мамлакатимизнинг дори воситалари соҳасидаги мустақиллигини мустаҳкамлайди. Замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг яратилиши, илмий-тадқиқот ишларининг қўллаб-қувватланиши ва хорижий тажрибадан самарали фойдаланиш натижасида соҳа нафақат ички бозорни сифатли дори воситалари билан таъминлаш, балки экспорт йўналишини ҳам кенгайтириш имкониятига эга бўлади. Буларнинг барчаси ўз навбатида, иқтисодиётимизнинг диверсификацияси, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва Ўзбекистоннинг халқаро фармацевтика бозоридаги нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА