Фарғона, Ёзёвон, Қува ва Ўзбекистон туманида 7 минг 400 гектар пахта-ғалла майдонини қисқартириш таклифи қўллаб-қувватланди
Президентимиз Фарғона, Ёзёвон, Қува ва Ўзбекистон туманида 7 минг 400 гектар пахта-ғалла майдонини қисқартириш таклифини қўллаб-қувватлади.
Бу йил Фарғона, Ўзбекистон туманларида 4 минг 400 гектарда ўрик, олхўри, бодом ва малина плантациясини яратиш, Қувада 1 минг 200 гектар дашт ҳудудида гилоснинг экспортбоп навларини экиш, Ёзёвонда 1 минг 800 гектарда истеъмол ва уруғлик учун чўл шароитига мос юқори ҳосилли шоли плантацияларини барпо этиш муҳимлиги қайд этилди.
Ёзёвонда шоличилик мактабини ишга тушириб, синов тарзида 100 гектар кўлнинг сув юзасида кассетали усулда органик шоли етиштиришни бошлаш топширилди.
Вилоятдаги 50 минг гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла ерлари ҳамда самараси кам боғлар ўрнида супер интенсив боғлар яратиш бўйича катта дастур қилинади.
Биринчи босқичда 10 минг гектар саноатлашган супер интенсив боғ барпо этиш бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш, деҳқонлар учун имтиёзли кредит ёки лизинг асосида тайёр боғ қилиб бериш хизматларини йўлга қўйиш топширилди.
ЎзА