Фарғона гилоси экспорт географиясини кенгайтирди
Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги, айниқса, мева-сабзавотчилик соҳасида мамлакатимизда етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Вилоят боғларида етиштирилаётган ширин ва сершира гилос ҳамда ўриклар бугун нафақат ички бозорда, балки жаҳон мамлакатларида ҳам харидоргир маҳсулот сифатида эътироф этилмоқда.
Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, интенсив боғларнинг кўпайиши ва экспорт тизимининг такомиллашуви бу борадаги ютуқлар салмоғини янада оширмоқда.
Айни пайтда вилоятда 55 минг гектар боғ ва токзор мавжуд бўлиб, жорий йилда 611 минг тонна мева экспорт қилиш ҳамда мева-сабзавот экспорти ҳажмини 500 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Сўнгги йилларда 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзорлар барпо этилгани, кам ҳосилли 6 минг гектар боғ янгилангани соҳанинг имкониятларини кенгайтирди.
Қува тумани бу борада алоҳида ўрин тутади. Тумандаги 6,5 минг гектар мевали боғнинг 1,2 минг гектари интенсив боғлардан иборат. Айни кунларда 38 та экспортёр корхона томонидан 11 давлатга гилос ва ўрик маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Эътиборлиси, бу йил илк бор Қува мевалари АҚШ, Япония ва Жанубий Корея бозорларига ҳам етказиб берилди.
Қува туманидаги “Жаннат боғи” фермер хўжалигида адирлик ерлар ўзлаштирилиб, сув тежовчи технологиялар асосида 70 гектар интенсив гилос боғи ташкил этилган. Боғбон Одилжон Мирзақосимовнинг таъкидлашича, Озарбайжондан келтирилган серҳосил гилос навлари органик усулда парваришланмоқда ва маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилган. Хўжаликда маҳсулотни саралаш, қадоқлаш ҳамда экспорт талаблари асосида тайёрлаш жараёнлари йўлга қўйилган.
Олтиариқ туманида ҳам гилос ва ўрик экспорти жадал суръатларда давом этмоқда. Бу йил туманда умумий сиғими 6,5 минг тонна бўлган 7 та замонавий музлатгичли омборхона ташкил этиш режалаштирилган. Бу маҳсулотларни узоқ муддат сифатли сақлаш ва йил давомида экспорт қилиш имкониятини янада кенгайтиради.
[gallery-29519]
“LINE PRO” МЧЖ раҳбари Абдувоҳид Ғофуровнинг маълум қилишича, бу йил гилос экспорти Европа ва араб давлатлари ҳисобига янада кенгайган. Корхона тасарруфида маҳсулотларни узоқ масофаларга ташишга мўлжалланган замонавий юк автомашиналари мавжуд бўлиб, доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилган.
Мутахассислар фикрича, Фарғонада етиштирилаётган экологик тоза ҳамда замонавий қадоқларда экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги тобора ортиб бормоқда. Ўтган йили вилоят мева-сабзавотлари дунёнинг 60 дан ортиқ давлатига экспорт қилинган бўлса, 2025 йилда биргина гилос экспорти ҳажми қарийб 30 миллион долларга етди. Бу эса Фарғона меваларининг халқаро бозордаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА