Фарғона футболи ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Миллионлар ўйини” деб таъриф этиладиган футболни ривожлантириш мамлакатимиз спорт ҳаётида устувор йўналишлардан саналади. Бунинг натижаси ўлароқ бугунги кунда Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов, Ҳуснидин Алиқулов каби ёш футболчиларимизнинг Италия, Франция, Россия, Туркия клубларида тўп сураётгани ҳамда, энг асосийси, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш эҳтимоли катта экани ҳар биримизни фахрлантиради.
– Бу ютуқлар замирида болалар футболига берилаётган катта эътибор турибди, – дейди Фарғона вилоят футбол академияси директори Шерзод Райимжонов. – Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан академиямизнинг мавжуд бино ва иншоотлари реконструкция қилиниб, замонавий талабларга жавоб берадиган шароитларга эга бўлдик. 60х88 метр ўлчамдаги сунъий қопламали янги майдон бунёд этилди. Маъмурий биномиз ва ёрдамчи иншоотлар мукаммал таъмирдан чиқарилиб, янги жиҳозлар билан таъминланди. Ўқувчиларимиз учун ўқув хоналари, дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ташкил этилди.
[gallery-20965]
Академия фаолияти билан танишар эканмиз, яратилган қулай шароитларга жавобан малакали мураббийлар таркиби турли ёшдаги миллий терма жамоаларига ҳамда профессионал клубларга истеъдодли футболчиларни етиштириб бериш мақсадида астойдил ҳаракат қилишаётганига амин бўлдик.
– Жорий йилда академиямиз тарбияланувчиларидан икки нафари – Акобир Мўминов ва Беҳруз Маҳмудов U-17 терма жамоасига жалб этилганини айтиб ўтмоқчиман, - дейди академиянинг спорт директори, “Нефтчи”нинг собиқ ўйинчиси Абдумажид Тоиров.
Кейинги йилларда Фарғона вилоятида “Миллионлар ўйини”га катта эътибор берилаётгани ҳақиқат. Ўзбек футболининг ифтихори бўлган “Нефтчи”нинг шонли даврини қайтариш учун қилинаётган ҳаракатлар туфайли вилоятнинг бош жамоаси Супер лигага файз киритмоқда. “Қўқон-1912” жамоаси олий дивизионга қайтгани, ФарДУнинг талабалардан иборат жамоаси Про лигада қатнашишга яқин тургани, Қувасойнинг “Цементчи” жамоаси биринчи лиганинг пешқадамларидан бири экани, Бағдоднинг “Бағдодчи” жамоаси 1-лигага йўлланма олгани эътирофга лойиқдир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА