«Яшил макон» — обод ҳудуд ва соғлом келажак сари
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш ва экологик маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳа доирасида таълим муассасаси ҳудудига манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилиб, уларни парваришлаш, мавжуд яшил ҳудудларни сақлаш ва янада кенгайтириш борасида тизимли ишлар олиб бориляпти.
Эътиборлиси, экилган кўчатларнинг тўлиқ униб-ўсишини таъминлаш ва уларни доимий парваришлаш мақсадида институт ҳудудидаги дарахтлар раҳбарият вакиллари ҳамда профессор-ўқитувчиларга бириктирилди. Ҳар бир масъул ходим ўзига бириктирилган дарахтнинг ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, уни парваришлаш ва асраб-авайлашга масъул этиб белгиланди.
Мазкур ташаббус институт ҳудудининг янада обод ва кўркам бўлиши билан бирга, жамоада табиатга эҳтиёткорона муносабат ва экологик масъулиятни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, бу каби амалий ишлар талаба-ёшларда атроф-муҳитни асраш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва табиатга ғамхўрлик қилиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32106]
Таълим муассасасида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш, экологик барқарорликни таъминлаш ва келажак авлод учун соғлом муҳит яратишга қаратилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА