Европа давлатлари ислоҳотлари тарихи: тажриба ва сабоқлар
Бугунги кунда олимлар томонидан ислом маданияти билан Европа маданиятининг ўзаро муносабатлари масаласи имкон қадар тадқиқ қилинган.
ШАРҚДАН ЎРГАНИШ ДАВРИ
Бугунги кунда олимлар томонидан ислом маданияти билан Европа маданиятининг ўзаро муносабатлари масаласи имкон қадар тадқиқ қилинган. Ғарб олимлари негадир ўзларининг бугунги маданиятини қадим Юнон маданиятининг бевосита давоми, деб даъво қиладилар.
Бу масалани россиялик маърифатпарвар олим Исмоил Гаспринский (1851-1914) махсус ўрганди. Унинг фикрича, юнон маданияти олдин ислом дунёсига ёйилган ва бир неча аср мусулмонлар уни тараққий эттириб, нуқсонларини озайтириб, Европага етказган. Америкалик олим А. Драбер “Европа ақлий тараққиёти тарихи” китобида Сократ, Платон, Аристотель каби антик давр олимларининг асарларини Ғарбга мусулмонлар танитганлиги ҳақида гапириб, “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келган” (Қаранг.: Қосимов Б. Миллий уйғониш. –Т.: Маънавият, 2002. – Б.181), деб эътироф этган эди.

Маълумки, юнон маданияти мусулмонлар ҳаётига VIII асрда –Аббосий халифа Абу Жаъфар Абдуллоҳ Ал-Мансур замонида кириб келди. Илм-фанни севган оқил халифа ҳинд олимларидан илми нужумни, юнонлардан фанларнинг асосларини ўрганиб, уларни таржима қилишни ўйлаб юрарди. 431 йили дунёвий қарашлари учун Эфес ибодатхонасида сазойи қилиниб, юртидан бадарға бўлган патриарх Настор издошлари Эрон, Ўрта Осиё, Арабистон шаҳарларида дарбадар кезиб юрардилар. Истеъдодли насторийлар гуруҳининг дарагини эшитган Абу Жаъфар уларни дарҳол ўз ҳимоясига олиб, таржима ишларини бошлаб юборди. Қисқа муддатда антик даврнинг нодир асарлари араб тилига ўгирилиб, Бағдод, Шом, Хоразм кутубхоналари илм-ҳикмат хазиналарига етказилди. Хусусан,бу жабҳада Хорун ар-Рашид, Маъмун, Абу Жаъфар каби халифалар ҳиммат ва фидойилик кўрсатишди.

Араблар Испанияси Европа илм-фани ривожига улкан хизмат қилди. Ўша даврда Андалузия пойтахти Қуртабо халифалиги хазинаси жами Европа мамлакатлари хазинасини бирга қўшганда ҳам кўпроқ эди. И.Гаспринский “Дорул–роҳат мусулмонлари” асарида таъкидлашича, “1852 йилда Қуртабо кутубхонасида 600 мингта китоб бўлган, бутун ўлкада эса 70 та улкан кутубхона ишлаган. Европаликлар Андалузия мактаб-мадрасаларига келиб ўқиган. Европа Қуртабо мадрасаларидан андоза олиб, ўз университетларини қуради...Хуллас, инсоният тараққиётини янги бир босқичга кўтарган Европа илм-фанининг тамал тоши олис XII-XIII асрларда Андалузияда – мусулмонлар Испаниясида қўйилди. Бироқ ҳар нарсанинг ўз кушандаси бўлганидек, мутаассиблик деган офат жуда қисқа муддатда ўлкадаги юксак ислом маданиятини йўқ қилиб ташлади. Қирол Фердинанд (1452–1505) Андалузияни мусулмонлар қўлидан қайтариб олгач, ўлкани жоҳилона бир суръатда мусулмонликдан “тозалаш” бошланди”.
РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ

Европа сиёсий тарихи IX асрда Англияда илк марказлашган давлатнинг шаклланиши билан бошланган эди. Нормандия қироли Вилгельм Фотиҳ Англияни 1066 йилда забт этганидан кейин марказлашган давлат яратиш ҳаракати янги босқичга кўтарилди. XII асрда қирол ҳокимияти янада кучайди. 1689 йилга келиб,ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламидан иборат “Ҳуқуқлар тўғрисида билль” қабул қилиндики, у Англия сиёсий тизимининг шаклланиши ва такомиллашувида ҳал қилувчи омил бўлди (ҳозиргача у Конституция ролини ўйнайди). Таъкидлаш жоизки, айнан мазкур ҳужжатнинг тарихий илдизларига мувофиқ, АҚШнинг Конституцияси дунёга келди!
Германия сиёсий тизимининг шаклланиши даври ҳам ўзига хос тарзда кечди. “Германияда 1356 йилда император Карл IV даврида Олтин Булла қабул қилинди. “Булла” сўзининг мазмуни кенг, у биринчидан, “юмалоқ муҳр”ни назарда тутса, иккинчидан, “қонунлар тўплами” деган маънони билдиради. Айнан ана шу 1356 йилда қабул қилинган Олтин Буллада императорни сайлаш қоидалари илк бор белгилаб қўйилган. Ана шу ҳужжатга кўра, немис курфюрстлари, яъни князь ёки беклари “Муқаддас немис миллати империяси”нинг императорини сайлаш ҳуқуқига эга бўлишган. Расман бу қоида то 1806 йилга қадар, яъни Наполеон I тажовузигача давом этган бўлиб, ушбу тарқоқ “империя” Муқаддас Рим империяси номи билан юритилган”.
Инқилобий кашфиётлар қитъанинг ривожида етакчи роль ўйнаган. Мисол учун 1440 йилда немис Иоганн Гутенберг босма станокни кашф қилиб, китоб чиқаришни йўлга қўйгани, Христофор Колумб Американи очгани (1492), Васко да Гама Африкани айланиб ўтиб, Ҳиндистонга борадиган денгиз йўлини кашф қилгани (1498), Ф. Магеллан ўзининг узоқ давом этган саёҳатига асосланиб (1519–1522), Ер куррасининг шарсимонлигини исботлагани, шунингдек, география, геодезия фан сифатида эътироф этилгани, кимё ва астрономияда йирик ютуқларга эришилгани Ғарбнинг энг катта ютуғи бўлди.
Жаҳонда модернизацияни тарихда илк марта Ғарб давлатлари бошлаб беришди. XVI асрнинг биринчи ярмида шаклланишга улгурган реформация (лот. “reformare”– “шаклини ўзгартирмоқ”, “тузатмоқ”) ҳаракати даврида протестантизмга асос солингани маънавий инқилобга тенг ҳодиса бўлди. Христианликнинг православ ва католикликдан кейинги учинчи кўриниши бўлган протестантизм ( “рrotestants” –“норозилик билдирувчи”, “ошкора исбот қилувчи”) Германияда дворянлар синфининг ҳукмрон Рим папасига қарши ҳаракатидан бошланган эди. Сўнгра, у Англия, Шотландия, Дания, Швеция, Финляндия, Норвегия, Голландия, Чехия, Венгрия, Швейцария ва қисман Германияда христианликнинг католик тизимидан ажралиб кетишига сабаб бўлди. Протестантизм таълимоти тарихий хизмати шундаки, у руҳоний ҳокимиятнинг дунёвий ҳокимиятдан устунлигига, католик черковига ва Рим папасининг пешволик ролига путур етказди, шахсий эътиқодни диндорликдан юқори қўйди, инсонни феодал иллатлардан озод қилиб, хусусий мулк ҳиссини уйғотди.
ОЛИМЛАР ВА АДИБЛАРНИНГ ВАТАНПАРВАРЛИГИ
Энди ушбу қитъанинг ривожига беқиёс ҳисса қўшган олим ва адибларнинг ватанпарварлик ташаббуслари (ғоялари, таълимотлари) ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Инглиз олими Жон Локк (1632–1704) 1688-1689 йилларда ўзининг сиёсий компромисс тўғрисидаги таълимотини яратди. Олим хусусий мулкка эга бўлиш инсон оиласининг яшаши учун зарур эҳтиёжни таъминлайди, инсон зарур нарсаларга эга бўлган тақдирда, индивидуал ривожланишга эътибор беради, деган хулосага келади. Чунки мулкка эга бўлиш инсон индивидуаллиги шаклланишига ёрдам беради.
XVII асрга келиб, Голландия ва Англия миллий саноатни ривожлантириб, Европада индустрлаштириш даврига тамал тошини қўйишди. Индустрлаштириш аслида, модернизациянинг биринчи талаби эди. Кўп ўтмай,Франция, кейинроқ герман давлатлари Пруссия, Австро-Венгрия анъанавий жамиятдан замонавийликка ўтдилар.
Модернизацияга оид қарашлар жамиятда шаклланмагани боис, илмий ва амалий изланиш, илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш масаласи кўндаланг турарди. Бу борада француз маърифатчиларининг қўшнилар тажрибасини чуқур ўрганишга интилишини зўр ҳаракат, деб баҳолаймиз (улар тажрибасини бугунги Ўзбекистон фиждойи олимлари ҳам қўллаши мумкин). Ўша даврда французлар иқтисодий, сиёсий борада пешқадам Англия ва Голландия давлатларидаги “ноёб” модернизация янгиликларини ўзлаштирдилар. 1722 йилда француз адиби Ф. Вольтер(1694–1778) Голландияга иккинчи марта борганида ижтимоий-иқтисодий ўзгаришдан таъсирланиб, ушбуларни ёзиб қолдирди: “Дунёнинг йирик савдо портлари жойлашган шаҳарни синчиклаб кўздан кечирдим. Портда мингдан ошиқ кемалар турибди. Амстердамнинг беш юз минг аҳолиси орасидан биронта бекорчи, камбағал, олифта ёки биронта калондимоғ одамни кўрмадим. Биз пиёда, хизматкор ёрдамисиз, оддий халқ ичида юрган пенсионерий (шундай лавозим эгаси–Б.О.)ларни учратдик. У ерда девор устига чиқиб, шаҳзодани пойлашмайди. Мамлакатда меҳнат ва камтарлик ҳукмрон”. Англия ҳаёти билан танишгани борган Ф. Вольтер 1726 йилдаги сафари охирида машҳур “Фалсафий мактублар” ёки “Инглиз миллати ҳақида мактублар” асарини битди. Бу гал адиб миллий иқтисод қайси йўлдан кетишини таҳлил қиларкан: “Англия шаҳар аҳлини бой қилган савдо уларни озод қилишга имкон берган, озодлик, ўз навбатида, савдони кенгайтирган, шунинг ўзи давлатни улуғвор қилган. Савдо ёрдамида англияликлар денгиз кучларини ўз амрига бўйсундирган”(Қаранг.: Травин Д., Maргания О. Европейская модернизация: В 2 кн. Кн. 1 /. –М.: ACT, 2004. – С. 151-153), деб ёзади.
Француз файласуфи Шарль де Монтескьё (1689–1755) ҳам Европанинг ўтмиши ва ҳозирги ҳаётини махсус тадқиқ қилади. Адиб “Қонунлар руҳи ҳақида” асарида у шундай ёзади:“Инглизлар дунёнинг бошқа халқларига қараганда, учта элементдан унумли фойдалангани, яъни буюк аҳамиятга молик дин, савдо-сотиқ ва озодликни асраганини жуда мақтайди. Тадқиқотига манба тўплаш мақсадида бутун Европани кезиб чиқади. Англия парламентининг қарийб 12 соатлик йиғилишида ҳукумат билан мухолифат ўртасидаги мунозаранинг гувоҳи бўлади. Бу фойдали сафар Монтескьёда ҳокимиятнинг бўлиниши ҳақидаги назария ғоясини берди. У қонун чиқарувчи, ижро, суд ҳокимиятлари фақат қонун асосидагина ҳокимиятни сақлаб туриши мумкин, деган хулосага келган дунёдаги илк назариётчи бўлди.
Локк, Вольтер, Монтеськёлардан кейин сиёсий фикрлар ривожини Ж. Руссо (1712–1778), Э.Берк (1729–1797), Ж.Мэдисон (1751–1836) каби олимлар ажойиб назариялари билан бойитдилар. Шундай қилиб, бир аср мобайнида кенг қулоч ёйган маърифатчилик ҳаракати фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини демократик тартиботлар асосида қуришга ишонтирди.
Аммо ўша даврда Европа давлатларида маданиятларнинг хилма-хиллиги айрим муаммоларни ўртага қўйди. Биринчидан, давлатларда турли сиёсий моделлар (конституцион монархия, президентлик, парламент республикаси); иккинчидан, парламент сайловини ўтказишнинг ҳар хил механизми (мажоритар, пропорционал, аралаш); учинчидан, давлат бирлигини таъминлашда ёндашувлар (унитар давлат, федерация) модернизация жараёнига салбий таъсир ўтказарди. Европа барча муаммоларни уйғунлаштирган ягона ғояга катта эҳтиёж сезарди. Ўшанда немис олими Макс Вебер (1864–1920) замонавий ахлоқий назарияларни таҳлил қилиб, протестант этикаси руҳи асосида капитализм ривожланиши концепциясини ишлаб чиқди. У “Протестантча этика ва капитализмнинг руҳи” (1905) асарида барча ғояларини илгари суриб, марксча таълимотга қарши чиқди. Кўплаб динларнинг “хўжалик этика”сини қиёсий таҳлил қилиб, “капитализм даставвал Ғарбда ривожланиши мумкин”, деган хулосага келди. Олим динлар ички моҳиятини таҳлил қилиб, дин саноат капитализми ривожи ва ижтимоий тараққиётга ғов бўлишини яхши тушунди, бойликка эгаликни Худонинг неъмати, деб билишга ғарбликларни даъват этди.
Йирик инглиз олими Арнольд Тойнби (1889–1975) 1934–1961 йилларда 12 жилдлик“Тарихни билиш” асарида эволюцион жараёнлар, Шарқ ва Ғарбнинг бир-бирини бойитган умумий жиҳатларини яхши ёритади. “Бу монументал асарда Тойнби кўп фактик материаллар асосида 26 жамият ва 21 цивилизациянинг вужудга келиши, равнақ топиши ва емирилиши жараёнини тадқиқ қилди”. Албатта, улар орасида Ўрта Осиёникига ҳам алоҳида ўрин ажратилган эди. Тойнбининг биринчи хизмати, кейинги авлодларга бебаҳо ўлмас асарини ёзиб қолдирган бўлса, иккинчиси, цивилизацияларнинг синиши, таназзул босқичларига жамиятдаги ички портлаш сабаб бўлишини, учинчиси, цивилизацияларни ривожлантирувчи куч ижодий элита эканлигини исботлаб берди. Тарихий эпопеяда Габсбург монархияси даврида император Иосиф II нинг қайта қуриш, XIX аср бошида прусс иқтисодий ислоҳотлари, Россияда крепостнойлик ҳуқуқининг бекор қилиниши, Японияда Мэйдзи инқилоби, Эронда “Оқ инқилоб” элитанинг ташаббуси, ташкилотчилиги ва куч-қудрати туфайли рўй бергани тадқиқ этилди.
МОДЕРНИЗАЦИЯНИНГ ТЎРТТА БОСҚИЧИ
Узоқ изланишлардан кейин Европада модернизацион ислоҳотларнинг шаклланиш босқичларини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келинди:
Модернизациянинг биринчи тўлқини, бу қитъада XVIII асрнинг иккинчи ярмидаги “маърифатпарварлик абсолютизми” даврига тўғри келади. Ўша пайтдаёқ француз маърифатчилари инсон ақли ва онгининг мамлакат ривожидаги ролига юксак баҳо берган, шу туфайли маданиятнинг барча жабҳаларида юксалиш бўлганди.
Иккинчи тўлқини, XIX асрнинг иккинчи чорагида ҳукумат конституционализми ислоҳотларидан бошланди. У Бавария, Саксония, камроқ даражада Пруссияда зарур йўналишда ривожланиб, тугал шаклни ҳосил қилди. Аммо Россияда бу жараён декабрчилар қўзғолонидан (1925) кейин вақтинча тўхтаб қолди ва у кейинги ривожланишдан чекинди.
Учинчи тўлқини, маърифатпарварликдан кейин шаклланишга улгурган “патернализм” (лот. отага қарашли дегани) қарашлари билан боғлиқ ҳолда кечди. Дастлаб Италияда ишлатилган бу атама каттанинг кичикка, қариндошнинг қариндошга, устознинг шогирдга ва яқинларга нисбатан ғамхўрлиги асосида фаолият юритишнинг гўзал бир кўриниши эди. Кейин у бутун қитъага тарқалиб, иш берувчиларнинг ўз ҳамюртларига ижтимоий муносабатларда хилма-хил моддий-маънавий рағбатлантириш воситасига айланди. Аслида, у иш берувчилар билан ишчи-хизматчилар ўртасида тузилган консенсус бўлиб,ижтимоий тенгсизлик ва адолатсизликка қарши бош кўтармасликка,Ватан равнақи учун бирга ишлашга чақириқ эди.
Тўртинчи тўлқини, XX аср ўрталарида ўртага ташланган ягона умумий бозорни шакллантириш ва эркин савдога қайтиш ғоясида мужассамлашди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Европадаги аҳдлашувчи мамлакатлар нафақат ўртадаги божларни қисқартирдилар ёки бекор қилдилар, балки ўз суверенитети бир қисмини ўз хоҳишлари билан сайлов органига сайланадиган вакилларига топширдилар. Минтақа интеграциялашуви моҳияти шунда намоён бўлди. Европадаги шиддатли ривожланишни кузатиб юрганАҚШ корчалонлари ўз гегемонлигидан фойдаланиб, жаҳоннинг либераллашувида “Pax Americana”ни амалга ошириш учун қулай фурсат келганини англаб, қатъий ҳаракатни бошладилар. Шу мақсадда 1944 йилда Нью-Гэмпшир штатидаги Бреттон-Вуд шаҳрида конференция ташкил қилиниб, Халқаро валюта-молия институтлари: Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки тузилди ҳамда Тариф ва савдо тўғрисидаги (1947) Бош келишувга эришилди.
Тарихий конференция Жон Мейнард Кейнс (1883–1946) иқтисодий доктринасининг триумфи (тантанаси) билан бошланди. Лондон қироллик жамияти, Британия лордлар Палатаси парламентининг аъзоси бўлган Кейнс Давлатлараро халқаро молиявий бошқариш институтларини тузиш ва халқаро молия тизимини қайта ташкил қилиш ғоясини берган шахс сифатида тарихга кирди. Ўшанда тузилган халқаро ташкилотлар Ғарб гегемонлигининг молиявий устунлиги миссиясини ҳозирга қадар бажариб келмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Ғарб давлатларининг кўп асрлик колониал сиёсати узил-кесил инқирозга юз тутганидан сўнг (XIX аср иккинчи ярми), қитъада модернизациялаш жараёни ҳар жиҳатдан жадаллашди. Колониалтизимнинг емирилиши Европани заифлашишига эмас, балки жиддий иқтисодий юксалишига туртки берди. Ўша пайтда Европага дунёнинг турли қитъаларидан келиб жойлашган муҳожирлар сони кўпайиб борарди. Жумладан, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Жазоирдан Англия, Франция, Голландия, Бельгия ҳамда Скандинавия мамлакатларига муҳожирларнинг тўхтовсиз нолегал оқими кела бошлади. Аммо Европа бундан ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланди. Собиқ колонияларнинг хомашё ресурсларини эксплуатация қилиш, қазиб олиш саноатини миллийлаштириш натижасида уларнинг нархларини оширишди. Шу тариқа, муҳожирлар меҳнати эвазига Ғарбий Европада ер табиий ресурсларини ўзлаштириш тезлашди, қишлоқ хўжалиги ҳам ривожланди.
Бахтиёр ОМОНОВ,
Тошкент ахборот технологиялари университети доценти,
сиёсий фанлар доктори