МДҲ майдонида Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлиги
Янги Ўзбекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги сўнгги йилларда амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Бу жараёнда иқтисодий манфаат, инсон капитали, меҳнат миграцияси, таълим ва маданий-гуманитар алоқалар бир-бирини тўлдирувчи йўналиш сифатида намоён бўлмоқда. Марказий Осиёдан ташқари МДҲ маконида республикамиз учун муҳим шерик Беларусь Республикасидир.
Мамлакатларимиз ҳамкорлиги аҳамияти фақат анъанавий дўстлик ёки сиёсий мулоқот билан ўлчанмайди. Бу йўналиш, аввало, саноат кооперацияси, машинасозлик, агросаноат, фармацевтика, таълим ва ҳудудлараро ҳамкорлик нуқтаи назаридан муҳим. Беларусь билан шерикликнинг ўзига хос жиҳати кўпроқ “тайёр технология + қўшма ишлаб чиқариш + амалий лойиҳа” форматида ривожланмоқда. Тошкент ва Минск ўртасидаги муносабатларни фақат ташқи савдо ҳажми билан эмас, балки қайси тармоқларда қандай механизмлар ишга туширилаётгани, қайси келишувлар амалда қандай натижа бераётгани ва бу алоқаларнинг кейинги босқичи нимадан иборат экани орқали баҳолаш тўғрироқ бўлади.
Икки ўлка ўртасида 2024 йил Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳал қилувчи нуқта бўлганини қайд этиш керак. Музокаралар якунлари бўйича 2024–2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Ҳаракатлар режаси” қабул қилинди. Музокара пакети доирасида электрон маҳсулот сертификатлаш тизимидан фойдаланиш тўғрисида, рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги битим, илмий-ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисидаги келишув, Тошкент ва Минск ўртасида биродар шаҳарлар муносабатлари ҳақидаги ҳужжат, энергетика соҳасида ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги протокол, спорт, маданият, мактабгача таълим кадрларини қайта тайёрлаш, таълим, агросаноат ва туризм бўйича алоҳида дастур ва “йўл хариталари” имзоланган. Яъни, икки томонлама муносабатлар 2024 йилдан бошлаб аниқ секторлар ва ижро муддатларига эга ҳужжатлар даражасига кўтарилди.
2025 йил июль ойида ўтган телефон мулоқотида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Беларусь етакчиси Александр Лукашенко айнан шу ташриф давомида қабул қилинган “йўл харитаси”нинг ижросини муҳокама қилгани ҳам бежиз эмас. Суҳбат давомида 2024 йил февраль ойидаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалий рўёбга чиқариш, ҳукуматлараро комиссия, ташқи ишлар вазирликлари ва бошқа даражалардаги фаол алоқалар ижобий баҳолангани алоҳида эътироф этилди. Йил бошидан савдо айланмаси 28 фоизга ошгани, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланган. Демак, бунда “йўл харитаси” амалий мониторинг объектига айланганини кўришимиз мумкин.
Савдо динамикаси
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил якунида икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 965 миллион долларга етган. Бу 2024 йилдаги 774 миллион долларга нисбатан қарийб 191 миллион долларга кўп. Шу жадвалнинг ўзида 2023 йилда мазкур кўрсаткич 654,7 миллион доллар бўлгани кўрсатилган. Яъни, уч йиллик динамикада Ўзбекистон–Беларусь савдоси 654,7 миллион доллардан 965 миллион долларгача ўсган.
Жорий йил февраль ойида давлатимиз раҳбари Беларусь бош вазири Александр Турчинни қабул қилар экан, ўтган йилда икки томонлама товар айланмаси 25 фоизга ўсиб, қарийб 1 миллиард долларга етганини таъкидлади. Беларусь Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги техникалари, саноат технологияси ва кооперацияси манбаи сифатида аҳамиятли. Ўз навбатида, Ўзбекистон Беларусь учун Марказий Осиёга кириш бозори ва ишлаб чиқаришни локаллаштириш майдони сифатида муҳим. Александр Лукашенконинг 2024 йил февралида “Биз Ўзбекистонни Марказий Осиёга дарвоза деб биламиз” деган баёноти айнан шу мантиқни ифодалайди.
Ҳудудлараро формат
Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигининг энг муҳим томонларидан бири сифатида ҳудудлараро формат институтлашгани ҳисобланади. Беларусь бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко 2024 йил февраль ойида пойтахтимизда Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро иккинчи форуми ўтгани, унда икки давлатдан вазирлик ва идоралар, маҳаллий бошқарув ва бизнес вакиллари қатнашганини, якунда 20 дан ортиқ битим имзоланиб, уларнинг умумий қиймати тахминан 80 миллион долларни ташкил этганини маълум қилган.
Қайд этилишича, ҳудудлараро ҳамкорликнинг аҳамияти шундаки, у катта сиёсий қарорларни маҳаллий иқтисодиётга туширади. Масалан, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги техникаси, қурилиш материаллари ёки текстиль соҳасидаги келишувлар кўпинча айнан ҳудудлар форуми ёки тармоқ бизнес-форумлари доирасида тезроқ ижрога ўтади. Шунингдек, Беларусь ҳукумати ҳам ҳукуматлар ва парламентлар ўртасида фаол мулоқот сақланаётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик кенгаяётганини расман таъкидлаган.
Саноат
Эътиборлиси, жорий йил февраль ойида Президентимиз Ш.Мирзиёев А.Турчин билан учрашувда янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш учун машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, Беларусь “Servolux” гуруҳининг Ўзбекистонда қиймати 170 миллион доллар бўлган агросаноат инвестиция лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа бройлер товуқ етиштириш, гўштни қайта ишлаш ҳамда ем-хашак ишлаб чиқариш қувватларини яратишни назарда тутади. Бу ҳамкорлик фақат трактор ёки автобус эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, чорвачилик занжири ва қайта ишлаш саноатига ҳам кириб бораётганини англатади. Агар лойиҳа тўлиқ қувватга кирса, икки томонлама муносабатлардаги агросаноат кооперациясининг янги референт нуқтасига айланиши мумкин.
2025 йил сентябрида Витебск шаҳрида ўтган 3-Беларусь – Ўзбекистон хотин-қизлар бизнес форуми ҳам кооперациянинг тармоқ кесимида чуқурлашаётганидан дарак беради. Ўзбекистон Инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги маълумотига кўра, форумнинг тематик секциялари енгил саноат, машинасозлик, туризм, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш, агросаноат, ёшлар сиёсати ва ҳудудий ривожланиш каби йўналишларни қамраб олган.
Маданий алоқалар ва туризм
Яқин йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги гуманитар алоқалар ҳам институционал шакл ола бошлади. 2024 йил февраль ойида икки давлат раҳбарлари иштирокида 2024–2025 йиллар учун спорт соҳасида ҳамкорлик дастури, маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик дастури ҳамда туризм соҳасида ҳаракатлар режаси имзоланди.
Ўтган йил март ойида Минскдаги “Leisure-2025” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси делегацияси иштирок этди. Расмий хабарга кўра, кўргазманинг биринчи кунининг ўзида Ўзбекистон делегацияси 50 дан ортиқ ўзаро манфаатли келишувларга эришган. Такидланишича, бу ерда муҳим жиҳат рақамнинг ўзи эмас, балки туризмнинг Беларусь билан муносабатларда хизматлар экспорти ва минтақавий танитиш воситасига айланаётганидир. Туризм муносабатларни “маданий алоқа” даражасида эмас, авиақатнов, меҳмонхона, туроператор, ресторан ва чакана хизматлар занжири даражасида ҳаракатга келтиради.
Умуман олганда, Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари бугун МДҲ майдонида энг яқин шериклик форматларидан бирига айланмоқда ва бу муносабатлар тобора кўпроқ амалий интеграция шаклини олмоқда, дейиш мумкин.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА