ESG стандартлари энергетика тизимига қандай жорий этилмоқда?
Бугунги кунда энергетика соҳасида барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш, экологик масъулиятни кучайтириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфлар тобора кучайиб бораётган шароитда ESG стандартларини соҳа фаолиятига татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида “Барқарор ривожланиш, долзарб ESG кун тартиби ва иқлим таъсирларини бошқариш” мавзусида ўтказилган тренинг бўлиб ўтди. Унда KPMG халқаро консалтинг компанияси бошқарма ва бўлим раҳбарлари, шунингдек масъул мутахассислар қатнашди.
Мутасаддилар томонидан ходимларнинг ESG тамойилларини амалиётга жорий этиш, иқлим хатарларини баҳолаш ва бошқариш бўйича билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тренинг давомида иштирокчилар ESG соҳасидаги халқаро тенденциялар, номолиявий ҳисоботларни тайёрлаш бўйича илғор амалиётлар, жумладан GRI ва SASB стандартлари ҳақида батафсил маълумот олди. Бу эса энергетика корхоналари фаолиятини нафақат иқтисодий самарадорлик, балки экологик ва ижтимоий таъсир нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш имконини беради.
Шу билан бирга, ESG омилларини компания фаолиятига интеграция қилишнинг амалий механизмлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш жараёнларида хавфларни камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. TRIR ва LTIFR каби асосий хавфсизлик кўрсаткичларини таҳлил қилиш ҳамда уларни тўғри талқин этиш бўйича мутахассисларга зарур тушунчалар берилди.
KPMG экспертлари томонидан ESG хатарларини аниқлаш, баҳолаш ва доимий мониторинг қилиш, шунингдек, маълумотларни ҳисоботларда шаффоф ва тўлиқ акс эттириш бўйича амалий воситалар тақдим этилди. Бу эса “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг халқаро талабларга мувофиқ иш юритиши, инвесторлар ва ҳамкорлар учун очиқлик даражасини оширишга хизмат қилади.
Умуман, мазкур тренинг энергетика тизимида ESG стандартларини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди. Компанияда келгусида ҳам экологик барқарорлик, ижтимоий масъулият ва замонавий корпоратив бошқарув тамойилларини амалиётга кенг татбиқ этиш ишлари изчил давом эттирилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА