Эртага Соҳибқирон сиймоси акс эттирилган метро поезди ҳаракатланади
Улуғ аждодларимиз сиймоси, уларнинг илм-маърифат билан амалга оширган ҳар бир ибратли ишлари бугун халқимиз қалбига ифтихор бағишлаб келмоқда.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан эртага – 9 апрель куни “Тошкент метрополитени” ДУК Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиши режалаштирилган.
Жумладан, метрополитеннинг “Чилонзор” йўналиши бўйлаб Соҳибқирон Амир Темур сиймоси акс эттирилган махсус безакли метро поезди ҳаракатга туширилади.
Ушбу ташаббус буюк аждодимизга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг яна бир ифодаси бўлиб, йўловчилар қалбида миллий ғурур ҳамда тарихимизга бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, дейилади “Тошкент метрополитени” ДУК маълумотида.
Шунингдек, мазкур метро поезди тадбир ўтказилиши режалаштирилган “Амир Темур хиёбони” метро бекатида қўшимча 1 дақиқа тўхтаб туриши ҳам режада бор.
А.РУСТАМОВ, ЎзА