Эронда 100 мингдан ортиқ фуқаролик объекти зарар кўрди
Сўнгги маълумотга кўра, АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳарбий амалиёт Эроннинг фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етказган. "Point" нашри эълон қилган статистика вазият нақадар оғирлигини кўрсатмоқда. Зарбалар натижасида мамлакат бўйлаб жами 105 325 фуқаролик манзили шикастланган, талафотнинг асосий қисми аҳоли яшаш жойларига тўғри келади.
Хусусан, 83 351 турар-жой биноси вайрон бўлган ёки зарарланган. Пойтахт Теҳроннинг ўзида 39 508 уй-жой ва тижорат маскани ҳужумдан жабр кўрган. Ҳарбий ҳаракат нафақат бинолар, балки ҳаётий муҳим ижтимоий объектларга ҳам таъсир кўрсатган: 297 шифохона ва даволаш муассасаси, 48 тез ёрдам машинаси ҳамда 3 санитар авиация вертолёти ишдан чиққан. Шунингдек, 600 мактаб шикастланган. Инсонпарварлик ёрдами соҳасида ҳам жиддий йўқотиш кузатилиб, Қизил ярим ой жамиятига қарашли 18 марказ зарар кўрган.
Умуман, мазкур зарбалар натижасида юзага келган вайронагарчилик мамлакат ижтимоий ва соғлиқни сақлаш тизимига сезиларли босим юкламоқда.
Ф. Яхшибоева, ЎзА