Эрон танкерлари Шри-Ланка қирғоқларида тўпланиб қолди
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Эрон портларига нисбатан блокадаси давом этаётган бир пайтда, Эрон байроғи остидаги 20 га яқин танкер Шри-Ланка қирғоқлари яқинида тўпланиб қолди. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Шри-Ланканинг махсус иқтисодий зонасида Эрон давлат тузилмаларига тегишли қарийб 20 та танкер жойлашган. Уларнинг барчаси ҳозирча юксиз ҳолда қолмоқда. Қўшма Штатлар Ислом Республикасига қарши денгиз блокадасини июль ойида қайта тиклаганидан буён Форс кўрфазидаги Эроннинг асосий нефть экспорт терминали ҳисобланган Харк оролида бирорта ҳам танкер нефть юкламаган.
Шри-Ланка Портлар вазирлиги мамлакат қирғоқлари яқинида Эрон танкерлари тўплангани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, 24 август ҳолатида Америка ҳарбийлари Эронга қарши денгиз блокадаси доирасида 71 та тижорат кемасининг йўналишини ўзгартирган, учта кемани ишдан чиқарган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА